Ўзбекистон собиқ ДХХ раиси 18 йилга қамалди
Кеча Ўзбекистон Ҳарбий суди Давлат хавфсизлиги хизмати (ДХХ)нинг собиқ раиси Ихтиёр Абдуллаев ва у томонидан ташкил этилган жиноий уюшма аъзоларига нисбатан айблов ҳукмини эълон этди.
Ихтиёр Абдуллаев жиноий уюшма ташкил этиб, мансаб ваколатини суистеъмол қилиб, уюшган гуруҳ ва жиноий уюшма манфаатларини кўзлаб, жуда кўп миқдорда пора олиш, Ўзбекистон манфаатларига хилоф равишда битимлар тузиш, товламчилик, ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилиш, божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш ва шу каби бир қатор жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, жиноятлар мажмуи тариқасида 18 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм этилган.
Шунингдек, суд ҳукми билан ДХХ раисининг собиқ ўринбосари Жаҳонгир Эгамов 16 йил, ДХХ раисининг собиқ маслаҳатчиси Алишер Эшонхўжаев 17 йил, Тошкент шаҳар прокурорининг собиқ ўринбосари Ёрқин Абдуллаев 14 йил, Адлия вазирлиги Кадрлар билан ишлаш бошқармаси бошлиғи собиқ ўринбосари Юсуфбой Хўжаев 8 йил, бош прокурорнинг собиқ ўринбосари Ғайрат Ҳидоятов 5 йил, Олий суд раисининг собиқ ўринбосари Баҳодир Деҳқонов 5 йил, Наманган вилоятининг собиқ прокурори Улуғбек Тошев 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосига судланиб, ҳар бири муайян муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган.
Қолган 15 нафар судланувчига ҳам содир этилган жиноятларнинг оғирлилик ва ижтимоий хавфлилик даражаси ҳамда уларнинг жиноятлардаги иштирокидан келиб чиқиб, жазолар тайинланган. Бундан ташқари, суд томонидан жиноятлар оқибатида давлат, шунингдек юридик ва жисмоний шахсларнинг манфаатларига етказилган моддий зарарларни қоплашга қаратилган тегишли чоралар белгиланган.