Германия Марказий Осиёда фақат Ўзбекистон билан ҳамкорликни давом эттирмоқчи-ми?
Германия ташқи сиёсатда ўз стратегиясини қайта кўриб чиқиб, кўплаб шерик-давлатлар билан ҳамкорликдаги лойиҳаларни тўхтатаётгани айтилади.
Deutsche Welleга таяниб, Спутник сайтининг хабар қилишича, иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт федерал вазирлиги шериклар сонини 85тадан 60тага қисқартирмоқда.
Идора раҳбари Герд Мюллернинг расмий баёнотига мувофиқ, вазирлик томонидан рўйхатдан ўчирилган айрим давлатлар "шу даражада тараққий этганки, эндиликда кўмакка муҳтож эмас". Бошқа давлатларда эса Германиянинг ёрдами "бошқа давлатлар фонида" шунчаки кўринмай қолмоқда.
Шу билан бирга, идора, ушбу давлатлар билан мулоқотни давом эттиришини, аммо у янги шаклда давом этишига ишонтирган, йўлга қўйилган лойиҳалар эса, албатта, якунига етказилади.
Хусусан, Марказий Осиёда Германия фақатгина Ўзбекистон билан ҳамкорликни давом эттиради.
Туркманистон ва Қозоғистон билан ҳамкорлик тўлиқ тўхтатилмоқда, Тожикистон ва Қирғизистон билан фаолият эса мавжуд битимлар бўйичагина давом эттирилади. Шу билан бирга ушбу лойиҳалар муддати узайтирилиши мумкинлиги қайд этилган.
Германия молия вазирлигининг ушбу қарори немис депутатларининг танқидига учраган. Бундестагнинг "Германия - Марказий Осиё" парламент гуруҳи раҳбари, депутат Манфред Грунд ушбу қарор бўйича ўзининг ҳайратини яширмаган ва минтақадаги кўпгина масалаларни фақатгина Ўзбекистон билан ҳал этиш мумкин эмаслигини, Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари иштироки ҳам муҳимлигини айтган.