Ӯзбекистон ӯтган ҳафта давомида
"Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида” рукнида жорий йилнинг 21-27 декабр кунлари ушбу мамлакатда юз берган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва илмий воқеалар тӯғрисида сизга маълумот берамиз.
Дастлаб муҳим мавзуларнинг қисқача шарҳи билан танишинг:
- Шавкат Мирзиёев 2021 йил учун Ўзбекистон давлат бюджетини тасдиқлади .
- Ўзбекистон ва Россия ТИВ раҳбарлари икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликнинг янги истиқболларини муҳокама қилди.
- Кириб келаётган йил бошида ўзбекистонликлар неча кун дам олади?
- Ўзбекистонга кириб келаётган фуқаролар 14 кунга каратинга олинади.
- Ўзбекистонда илк қуёш электростанциясини молиялаштириш бўйича шартномалар имзоланди.
- Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси 4,8 миллиард долларга ёки 12,9 фоизга камайди.
- Ўзбекистон ва ЮНИДО ўртасида тўрт йиллик декларация имзоланди.
- Ўзбекистон 10 январга қадар қатор давлатлар билан авиарейсларни тўхтатади.
- Россия оғир ва ўта оғир жиноятлар содир қилишда айбланган 56 ўзбекистонликни экстрадиция қилди.
- Ўзбекистон ва Қирғизистон тез орада автобус қатновини йўлга қўймоқчи.
- Сурхондарёда “свет” ўчишидан норози халқ кўчаларни тўсиб қўйди.
Энди энг муҳим мавзуларнинг тафсилотига ӯтамиз:
Ўзбекистон президенти давлат бюджети тўғрисидаги қонунни имзолади
Қонунда қуйидаги асосий кўрсаткичлар белгиланмоқда:
2021 йилда Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг ўсиши 5,1 фоизни ташкил қилган ҳолда 688,9 трлн. сўмга етиши прогноз қилинмоқда;
Коронавирус пандемияси давом этаётган бир пайтда фуқароларни ижтимоий қўллаб қувватлашни давом эттириш, иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш мақсадида, 2021 йил учун Давлат бюджети ва Давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари баланси кутилаёталаётган ялпи ички маҳсулотга нисбатан 2,5 фоиз миқдорида тақчиллик билан шакллантирилган;
Бунда, Давлат бюджети даромадлари 147,2 трлн. сўм, харажатлари эса Давлат мақсадли жамғармаларига трансфертларни инобатга олган ҳолда 165,8 трлн. сўм миқдорида;
Давлат мақсадли жамғармалари даромадлари 26,2 трлн. сўм миқдорида, харажатлари эса 40,7 трлн. сўм миқдорида режалаштирилмоқда. Давлат мақсадли жамғармаларининг тақчиллиги Давлат бюджетидан трансфертлар ажратиш орқали қопланиши кўзда тутилган.
Х Х Х
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Москвага амалий ташрифи доирасида россиялик ҳамкасби Сергей Лавров билан учрашуви чоғида Ўзбекистон – Россия кўп қиррали ҳамкорлигининг устувор йўналишлари, халқаро ва минтақавий муаммолар бўйича фикр алмашди.
Россия ва Ўзбекистон ТИВ раҳбарлари мулоқотида бўлиб ўтажак олий ва юқори даражадаги учрашувларнинг амалий жиҳатларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистон Республикасининг Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигидаги раислиги натижалари ҳамда Ўзбекистонга Евроосиё иқтисодий иттифоқи ҳузурида кузатувчи мақоми берилиши тақдим этадиган янги истиқболлар муҳокама қилинди”.
Шунингдек, бошқа халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорлик масалалари ҳам келишиб олинди.
Х Х Х
Янги йил бошида иш ҳафтасининг давомийлигидан қатъи назар барча ходимлар кетма-кет 3 кун дам олишади.
Ўзбекистон президентининг “2021 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида”ги ПФ-6122-сонли фармонига мувофиқ иш ҳафтасининг давомийлигидан қатъи назар 2021 йил бошида барча ходимларга қуйидаги саналар дам олиш куни ҳисобланади:
1 январ – жума;
2 январ – шанба;
3 январ – якшанба.
2 январ шанба кунидаги дам олиш куни 6 кунлик иш ҳафтасида ишловчи ходимларнинг меҳнат таътилига таъсир этмайди.
Х Х Х
Жаҳон банки, Masdar компанияси (БАА) ва Осиё тараққиёт банки 100 МВт кучга эга бўлган Ўзбекистондаги илк қуёш электростанциясини молиялаштириш бўйича кредит ва суғурта шартномаларини имзолашди.
Ўзбекистоннинг Навоидан 35 кмузоқликда жойлашадиган станция 2021 йилдан бошлаб «Миллий электр тармоқлари» га электр энергиясини етказиб беради деб хабар қилган Газета.уз.
Хабарга кўра, кеча Ўзбекистон, Жаҳон банки, Masdar компанияси (БАА) ва Осиё тараққиёт банки 100 МВт кучга эга бўлган Ўзбекистондаги илк қуёш электростанциясини молиялаштириш бўйича кредит ва суғурта шартномаларини имзолашди. Бу ҳақда Жаҳон банкининг матбуот хизмати хабар берди.
Станция Ўзбекистонда хусусий компания томонидан қурилган ва бошқариладиган энергетика соҳасидаги илк катта масштабли объектга айланади.
Халқаро молия корпорацияси (IFC, Жаҳон банкининг таркибига киради) ва ОТБ лойиҳани молиялаштириш учун 60 млн долларгача маблағ ажратади. Европа тикланиш ва тараққиёт банки эса Masdar компаниясига акциядорлик жамиятини молиялаштириш учун 5,1 млн долларлик қисқа муддатли кредит ажратади.
Илк қуёш электростанцияни қуриш ва уни эксплуатацияни амалга ошириш ишлари билан Nur Navoi Solar компанияси шуғулланади. Компания Masdar’га тегишли.
Х Х Х
Оғир ва ўта оғир жиноятлар учун қидирувга берилган 56 нафар Ўзбекистон фуқароси 21 декабрь куни Россиянинг Новосибирск аэропортидан махсус рейс билан ватанга олиб келинганини Интерфакс хабар қилган.
Бундай миқдордаги одамларни бир вақтнинг ўзида экстрадиция қилиш биринчи марта амалга оширилмоқда деб хабар берган Интерфаксга таяниб Дарё сайти..
Экстрадиция қилинган Ўзбекистон фуқаролари орасида ўлдиришга уриниш, талончилик, ўғрилик ва бошқа жиноятлар учун айбланганлар бор.
Бундан ташқари, Россия Ўзбекистоннинг Фарғона вилояти Қўқон шаҳар судининг бир гуруҳ шахслар томонидан гиёҳванд моддаларни ноқонуний сотишга урингани учун чиқарган ҳукмини ижро этиш учун фуқарони экстрадиция қилиш тўғрисидаги сўровини қондирган.
Х Х Х
27 декабрь куни Музработ тумани, “Оби ҳаёт” маҳалласида яшовчи фуқароларнинг электр энергия таъминотидаги узилишдан норози бўлиб, кўчада балон ёқаётгани ҳолати акс этган видео тарқалди

25 декабрь куни Сурхондарё вилояти Музработ тумани ушбу маҳалла ҳудудидаги 630 кВА кучланишга эга трансформаторнинг ишдан чиқиши оқибатида электр таъминотида узилиш юзага келган деб хабар берган Аниқ.уз.
26 декабрь куни бу ерга қуввати 400 кВА кучланишга эга бошқа трансформатор ўрнатилган. Аммо совуқ об-ҳаво туфайли электр энергиясига бўлган эҳтиёжнинг кескин ортиши натижасида ушбу ускуна ҳам ишдан чиққан.
Туман ҳокимлиги ахборот хизматидан олинган маълумотга кўра, “Оби ҳаёт” маҳалласида 545 та хонадон бўлиб, ҳудуддаги 630 кВА кучланишга эга трансформаторнинг 25 декабрь куни ишдан чиқиши оқибатида 165 та хонадоннинг электр таъминотида узилиш юзага келган.
Маълум қилинишича, ҳозирда муаммо бартараф этилган. 27 декабрь кунининг ўзида 630 кВА кучланишга эга янги трансформатор ўрнатилиб, аҳоли электр энергия билан таъминланган.