Қашқадарёнинг «Толлимаржон» ИЭСдаги навбатдаги авария! 8 ҳудуд электрдан тўлиқ узилди
«Толлимаржон» ИЭСда 8 январь куни юз берган авария оқибатида Қашқадарё вилоятининг етти тумани ва бир шаҳри электр таъминотидан тўлиқ узилиб қолгани ортидар республика Энергетика вазири Алишер Султонов вилоятга учиб кетди.
Қашқадарё вилоятидаги Толлимаржон ИЭСдаги ҳар бирининг қуввати 450 мегаватт бўлган иккита энергоблок ишлашдан тўхтаган деб хабар қилди Дарё сайти.
8 январь куни соат 10:27 да ва 10:31 да «Толлимаржон» ИЭСнинг 2 ва 3-буғ-газ қурилмалари «энергоблок технологик ҳимоясининг ишлаши натижасида» тўхтаган.
«Оқибатда Ўзбекистоннинг айрим ҳудудлари бўйлаб электр энергияси таъминотида умумий 446 мегаватт қувватда чеклов киритилмоқда. Вазир Алишер Султонов бошчилигидаги мутахассислар зудлик билан мазкур станцияга учиб кетди. Ҳозирги вақтда юзага келган тўхтатилиш сабаблари аниқланмоқда», — дейилади вазирлик ахборотида.
Қашқадарё электр тармоқлари корхонасининг қўшимча қилишича, авария оқибатида вилоятнинг Қамаши, Яккабоғ, Шаҳрисабз, Китоб, Чироқчи, Ғузор, Нишон туманлари ва Шаҳрисабз шаҳрида электр таъминоти тўлиқ узилган.
Толлимаржон» ИЭСда 2016 ва 2017 йилларда иккита буғ-газ қурилмаси ишга туширилган. Қурилиш Жанубий Кореянинг Daewoo ва Hyundai компаниялари томонидан амалга оширилган. Станциянинг 2004 йилда ишга тушган 800 мегаватт қувватга эга биринчи энергоблоки эса ишлашда давом этмоқда (станция қурилиши СССР даврида бошланган).