Ўзбекистонда аҳоли хонадони томонидан қуёш панеллари орқали ишлаб чиқарилган электр энергиясини сотиб олиш бошланди
-
Ўзбекистонда аҳоли хонадони томонидан қуёш панеллари орқали ишлаб чиқарилган электр энергиясини сотиб олиш бошланди
Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида истиқомат қилувчи хонадонида 6 кВт қувватли кичик қуёш фото электр станцияси ўрнатиб, ушбу станция орқали ишлаб чиқарилган электр энергиясининг ўз эҳтиёжларидан ортган қисмини ҳудудий электр тармоқлари корхонасига сотишни бошлади.
Станция орқали йилига 7 000 дан 10 000 кВт.соатгача электр энергияси ишлаб чиқарилади.
Бугун, 3 ноябрь куни мазкур хонадон эгаси ва Энергетика вазирлиги тизимидаги Тошкент шаҳар электр тармоқлари корхонаси ўртасида “Қайта тикланувчи энергия манбаларининг кичик объектларидан ишлаб чиқарилган электр энергиясини сотиб олиш тўғрисида” шартнома имзоланди.
Эндиликда ушбу хонадонда ишлаб чиқарилган электр энергиясини ҳудудий электр таъминоти корхонаси томонидан кафолатланган тарзда сотиб олинади ва 1 киловатининг нархи 300 сўм эканлиги айтилади.
Ўзбекистон minenergy.uz сайтига кўра, ушбу шартнома умумий ўрнатилган қуввати 1 МВт гача (ўзгарувчан ток ) бўлган қайта тикланувчи энергия манбалари объектларидан, (микро ва кичик гидроэлектр станциялардан ташқари) электр энергиясини харид қилишга тааллуқлидир.
Эслатиб ўтамиз, мазкур амалиёт Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 22 июлдаги 610-сон қарори билан тасдиқланган “Электр энергияси, шу жумладан, энергиянинг қайта тикланадиган манбаларидан электр энергияси ишлаб чиқарадиган тадбиркорлик субектларини ягона электр энергетика тизимига улаш регламенти”га асосан амалга оширилади.