Ўзбекистон ТИВ раҳбари: Ўзбекистон ДХР ва ЛХРни тан олмайди
(last modified Thu, 17 Mar 2022 10:04:32 GMT )
март 17, 2022 15:04 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон ТИВ раҳбари: Ўзбекистон ДХР ва ЛХРни тан олмайди
    Ўзбекистон ТИВ раҳбари: Ўзбекистон ДХР ва ЛХРни тан олмайди

ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов мамлакат Олий Мажлис Сенатининг йигирма тўртинчи ялпи мажлисида сўзга чиққанида Россияга қарши жорий этилган санкцияларнинг Ўзбекистонга таъсири ҳақида тўхталиб ўтди

Абдулазиз Комилов шунингдек, «Россияга ғарб давлатлари томонидан жорий этилган чеклов чоралари — санкциялар Ўзбекистонга ҳам тўғридан-тўғри таъсир қиляпти. Ҳозирда мамлакатимизни бундай санкциялардан ҳимоя қилишга қаратилган ва уларнинг салбий таъсирининг олдини оладиган чора-тадбирларни амалга ошириш биз учун муҳим аҳамият касб этади», деб айтди.

«Украина атрофидаги вазият Ўзбекистонда жиддий хавотир уйғотмоқда. Ўзбекистон вазиятга тинч йўл билан ечим топиш ва можарони сиёсий дипломатик воситалар ёрдамида ҳал қилиш тарафдори. Бунинг учун, биринчи навбатда, ҳарбий ҳаракатлар, зўравонликлар зудлик билан тўхтатилиши зарур. 

Ўзбекистон тарихан ҳам Россия билан, ҳам Украина билан кўп қиррали алоқаларга эга. Биз ҳар икки мамлакатлар билан ўз миллий манфаатларимиздан келиб чиққан ҳолда ўзаро манфаатли ҳамкорликни давом эттирамиз.

Биз бугунги оғир кунларда Украинага гуманитар ёрдам берамиз ва ҳозирги оғир вазиятни инобатга олиб гуманитар ёрдам юборишда давом этамиз.

Ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси Украинанинг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини тан олади. Биз Донецк ва Луганск халқ республикаларини тан олмаймиз», деди Комилов.

Россияга қарши Ғарб томонидан жорий этилган санкциялар Ўзбекистонга ҳам тўғридан тўғри таъсир қилаётгани, ҳозирда бундай санкциялардан ҳимоя қилишга қаратилган ва салбий оқибатлари олдини олиш чораларини кўриш муҳимлигини қайд этган.

Қўшимча қилинишича, бугунги кунда Ўзбекистоннинг 300 нафарга яқин фуқаролари Украинада қоляпти.