октябр 22, 2023 17:09 Asia/Tashkent
  • Ҳакерлар юз минглаб ортиқ ўзбекистонлик фойдаланувчиларнинг логин-паролларини сиздирди
    Ҳакерлар юз минглаб ортиқ ўзбекистонлик фойдаланувчиларнинг логин-паролларини сиздирди

Интернетга 200 мингдан ортиқ ўзбекистонлик фойдаланувчиларнинг маълумотлари сиздирилди.

Kun.uz билан гаплашган соҳа мутахассисларига кўра, ушбу ҳакерлар тарқатган логин-пароллар қаторида ягона идентификация тизими — OneID, ДТМ, ташкилотлар ва олий таълим муассасалари ўқув тизимлари, турли кўнгилочар порталлар, онлайн дўкон, қидирув хизматлари, веб-хизматлар кўрсатувчилар ва ўқув марказлари, банклар ва тўлов тизимлари, турли сайтларнинг бошқарув панелларига кириш кодлари ҳам бор. Жами турли платформалардаги ўн минглаб ўзбекистонлик фойдаланувчиларнинг маълумотлари тарқатилган.

Kun.uz ҳолат юзасидан Рақамли технологиялар вазирлигига мурожаат қилди. Маълум қилинишича, Рақамли ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази ҳамда Киберхавфсизлик маркази билан ҳамкорликдаги ўрганишларга кўра, OneID тизимига киберҳужум бўлгани аниқланмаган. Тизим ишида ҳам носозликлар бўлмаган.

“Муаммо катта эҳтимол билан фойдаланувчиларнинг компютер қурилмалари вирусли зарарлангани оқибати билан боғлиқлиги тахмин қилинди. Айни пайтда бунга қарши тегишли чора-тадбирлар олиб борилмоқда”, — дейилади вазирлик бу сайтга тақдим қилган ахборотда.

Расмийлар фуқаролардан шахсий маълумотларига эътиборли бўлишни, компютер қурилмалари ва мобил алоқа воситаларини вирусга қарши ҳимоялаб туришни сўради.

Kun.uz мухбири билан суҳбатлашган киберхавфсизлик бўйича мутахассисларга кўра, дунё бўйлаб тарқалган бу пароллар ўша сайт ёки серверлар билан боғлиқ эмаслиги ҳақиқатга яқинроқ. Чунки агар OneID ёки шу каби серверларга ҳакерлар ҳужум қилиб паролларни ўғирланганида, бир неча миллионлик базани ва бошқа кўплаб шахсий маълумотларни ҳам кўчириб оларди. Бу ерда эса фақат бир неча ўнг минглик пароллар ҳақида гап кетяпти.

Экспертларнинг айтишича, бу ерда ҳолат тахминан шундай бўлган: дунё бўйлаб миллионлаб фойдаланувчиларнинг компютерларига тушган вируслар уларнинг браузерида сақланган логин-паролларни йиғган. Хакерлар тўпланган маълумотларни битта файлга йиғиб, тарқатиб юборган.

Ёрлиқ