Афғонистон пойтахти Кобул шаҳрида давомли тарзда юз бераётган террорчилик ҳодисалари
(last modified Tue, 01 Aug 2017 05:52:33 GMT )
август 01, 2017 10:52 Asia/Tashkent

ИШИД террорчилик гуруҳи Афғонистон пойтахти Кобул шаҳридаги Ироқ элчихонаси олдида амалга оширилган ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олди

      Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан. 

      Ассалому алайкум, қадрли тингловчилар.

     Таҳлилий эшиттиришнинг бугунги сонини эътиборингизга ҳавола этаман.  

     Бугунги  суҳбатимиз “Афғонистон пойтахти Кобул шаҳрида давомли тарзда юз бераётган террорчилик ҳодисалари”га доир мавзуга бағишланади.     

     Эшиттиришимизни охиригача бизга ҳамроҳлик қиласиз деган умиддамиз.

      Кеча эрталаб Афғонистон пойтахти Кобул шаҳрида бир нечта террорчилик портлаш ҳаракатлари содир этилди. Тарқатилаётган хабарларга кўра, ушбу террорчилик ҳаракатлари Ироқ давлатининг Кобулдаги элчихонасини нишонга олган. ИШИД террорчилик гуруҳи Афғонистон пойтахти Кобул шаҳридаги Ироқ элчихонаси олдида амалга оширилган ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олди. Афғонистон ИИВ томонидан хабар қилинишича, ҳужум худкуш-террорчи томонидан уюштирилган. У элчихона дарвозаси олдида ўзини портлатиб юборган, шундан сўнг унинг шериклари элчихона ҳудудига кирган ва отишма бошлаган. Аввалроқ ҳужум портловчи қурилма ўрнатилган автомобиль ёрдамида амалга оширилгани ҳақида хабар берилган эди. Полициянинг маълумотларига кўра, элчихона яқинида ҳам отишма юз берган. Таъкидланишича, бир террорчи ўзи содир этган портлаш сабаб ҳалок бўлган бўлса, яна уч нафари отишма чоғида ўлдирилган. Маълумотларга кўра, ҳужум қилганларни йўқ қилиш бўйича амалиёт тахминан тўрт соат давом этган. Дастлабки маълумотларга қараганда, ҳужум натижасида бир неча киши оғир тан жароҳати олган.

     Афғонистон ИИВ матбуот котиби Нажиб Донишнинг маълум қилишича, элчихона биносининг деразалари синган, бир неча хонага зарар етган. ИШИД террорчилик гуруҳи томонидан Афғонистон пойтахти Кобул шаҳрида содир этилган террорчилик ҳужуми ушбу гуруҳнинг Афғонистон пойтахтида нотинчликларни давом эттириш учун янги режаларни бошлаганидан дарак беради. ИШИД террорчилик гуруҳи март ойида Кобул шаҳрида жойлашган генерал Довудхон ҳарбий касалхонасига террорчилик ҳужумларини уюштирган эди. Ушбу ҳужум оқибатида 50 нафар инсон ҳаётдан кўз юмди ва кўплаб инсонлар оғир тан жароҳати олди. Жорий йилнинг феврал ойида ҳам ИШИД террорчилик гуруҳининг аъзоси бўлмиш Абубакр Тожикий исмли террорчи ўз танасидаги портловчи моддалар жойлаштирилган қурилмани Кобул марказидаги Афғонистон Олий Судининг ишчилари ишдан чиқаётган пайтларида ушбу бинони олдида портлатиб юборади. Оқибатда эса кучли портлаш юз беради. Ушбу Суд биносида ишлайдиган кўплаб ишчи ва ходимлар ҳаётдан кўз юмади. Афғонистон пойтахти Кобул шаҳридаги Ироқ элчихонаси биносининг олдида ИШИД террорчилик гуруҳи томонидан амалга оширилган террорчилик ҳодисасидан олдин, ушбу шаҳар аҳолиси мамлакатдаги нотинчликлар шиддали тус олишидан норози бўлиб, бир неча маротаба кўча намойишларини ўтказишган эди.

     Эътирозчиларнинг кўча намойишлари Афғон хавфсизлик кучлари томонидан бостириш учун тегишли чора-тадбирлар амалга оширилган эди. ИШИД террорчилик гуруҳи ўтган икки йил давомида ўзининг фаолиятларини Афғонистон шарқида ва Нангарҳор вилоятида амалга ошириб келди. Ушбу гуруҳ Кобул шаҳрида террорчилик амалиётларини ташкил этишдан кўзланган мақсади шундаки, ИШИД террорчилик гуруҳи ўз фаолиятини географик минтақаларга жумладан мамлакатнинг шарқий ҳудудларида давом эттириш билан чекламаслигини Афғонистон давлатига маълум қилиш эди. Кобул шаҳридаги террорчилик гуруҳлари томонидан содир этилаётган портлаш ва террорчилик ҳаракатларининг кун сайин кучайиб боришидан келиб чиққан нотинчликларнинг янада авжига чиқиши ортидан, ушбу шаҳар аҳолисининг эътирозлари ҳам янада кенгайишига сабаб бўлди. Шундан сўнг, Афғонистон парламентининг намояндалари Афғонистон миллий бирлик давлатига қарши кескин танқидлар билан чиқиш қилишди. Танқидчиларнинг нуқтаи назарига кўра, Афғонистон пойтахти Кобул шаҳрида зўравонликлар ва нотинчликларнинг янада шиддатли тус олиши турли сабабларга биноан, жумладан давлатларнинг сиёсий вакиллик идоралари ва сиёсий марказлари ёки бўлмасам минтақавий ҳамда халқаро ташкилотлар томонидан хавфсизлик соҳасида тақдим этилган лойиҳаларнинг биронтаси ҳам муҳим аҳамият касб этмайди ва ҳеч қандай таъсирга эга эмас. Ушбу масала эса шуни кўрсатадики, беқарорлик ва нотинчликларни олдини олишга қаратилган хавфсизлик чоралари ва хавфсизлик идораларининг дастурлари заиф эканлиги яққон намоён бўлмоқда.

      Албатта, Афғонистонда ИШИД террорчилик гуруҳининг нуфузи ва таъсири ҳамда ушбу гуруҳнинг мамлакат пойтахти Кобулдаги террорчилик ҳаракатлари бошқа давлатларнинг ёрдамисиз амалга ошмаслиги ҳақидаги гумон ва тахминлар ҳам илгари сурилмоқда. Ҳатто Афғонистондаги айрим сиёсий доиралар ва таниқли шахслар ҳам шундай фикр билдиришмоқдаки, Покистон ИШИД террорчилик гуруҳининг Афғонистондаги фаолиятини қўллаб-қувватлайди. Шу жумладан, Афғонистон президентининг биринчи ўринбосари генерал Абдурашид Дўстим ҳам Покистоннинг разведка ишлари билан шуғулланадиган идорасини ИШИД террорчилик гуруҳини мамлакат шимолида жойлаштиришдаги лойиҳанинг ижрочиларидан бири деб атади. Сиёсий йўналишдаги эксперт Ваҳид Мужда ҳам шундай айтдики, ташқи кучлар ИШИД террорчилик гуруҳини Афғонистонда Толибон ўрнига қўйиш учун ҳаракат қилишмоқда. Ушбу террорчилик гуруҳининг ортида кучли ва қудратли сиёсий доиралар ва давлатлар турибди. Покистон ҳам ушбу вазиятдан унумли фойдаланмоқда. ИШИД террорчилик гуруҳининг Афғонистондаги террорчилик ҳаракатларининг давом этиши Кобул ва Исломобод ўртасидаги алоқаларнинг кескин тус олишига ва ўзаро ишончсизлик руҳияти пайдо бўлишига замин яратади.     

      Муҳтарам тингловчилар, " Таҳлилий эшиттиришга" ажратилган вақт ўз ниҳоясига етди. Дастурларимиз давом этади. Мен эса сизлар билан хайрлашаман.

      Яна радио тўлқинларида учрашгунча хайр, меҳрибон ва раҳимли аллоҳ паноҳида қолинг.