БМТ хавфсизлик кенгаши Доналд Трамп қарорига бағишлаб шошилинч йиғилиш ўтказди
(last modified Sun, 10 Dec 2017 08:12:57 GMT )
декабр 10, 2017 13:12 Asia/Tashkent

БМТ Хавфсизлик кенгашининг АҚШ давлати томонидан Қудсни Исроил пойтахти сифатида тан олишига бағишланган навбатдан ташқари йиғилишида барча 14 аъзо-давлат Доналд Трампнинг бир томонлама қарорини кескин танқид остига олишди.

      Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан. 

      Ассалому алайкум, қадрли тингловчилар.

      Таҳлилий эшиттиришнинг бугунги сонини  эътиборингизга ҳавола этаман.  

      Бугунги  суҳбатимиз “БМТ хавфсизлик кенгашида АҚШ президенти Доналд Трамп томонидан Қудсни Исроил пойтахти сифатида тан олиши ҳақида қабул қилган қарорига бағишлаб ўтказилган шошилинч йиғилиши” га доир мавзуга бағишланади.      

      Эшиттиришимизни охиригача бизга ҳамроҳлик қиласиз деган умиддамиз.

        Бирлашган миллатлар ташкилотининг Хавфсизлик кенгаши АҚШ президенти Доналд Трамп томонидан Қудсни Сионистлар режимининг пойтахти сифатида расмий тарзда эътироф этилишига доир мавзу бўйича шошилинч йиғилиш ўтказиб, Американи яккалатиб қўйиш ва изолиясига олишни намойиш этишди. БМТ Хавфсизлик кенгашининг АҚШ давлати томонидан Қудсни Исроил пойтахти сифатида тан олишига бағишланган навбатдан ташқари йиғилишида барча 14 аъзо-давлат Доналд Трампнинг бир томонлама қарорини кескин танқид остига олишди. Ушбу йиғилиш мисли кўрилмаган ҳолатда ўтказилди. Унда Вашингтоннинг БМТ хавфсизлик кенгашидаги сиёсий иттифоқчилари бўлмиш Британия, Франция, Германия, Шведция ва Италия давлатлари Америка қўшма штатларининг Тель-Авивдаги элчихонасини Қудсга кўчириш ҳақида қабул қилган қарорига қаршилик кўрсатишди. Ушбу давлатларнинг БМТ Хавфсизлик кенгашидаги дипломатлари қўшма танқидий баёнот билан чиқди. Европа давлатлари вакилларига кўра, мазкур қарор «БМТ резолюцияларига мувофиқ эмас» ва «минтақада тинчлик ўрнатилишига ҳеч қандай ёрдам бермайди».

     Ушбу муҳим ва халқаро мавзу ўта жиддий ва аҳамиятли эканлиги мазкур йиғилиш жараёнида очиқ-ойдин ва яққол намоён бўлдики, натижада Америка қўшма штатлари яккаланиб қолишига сабаб бўлди. Россиянинг стратегик тадқиқотлар институти директорининг маслаҳатчиси Елена Сапонина ҳам АҚШ президенти Доналд Трампнинг Қудс бўйича қабул қилган қарорига кескин муносабат билдириб, ушбу масала халқаро ҳамжамият ва дунё халқлари томонидан кескин танқид остига олингани ва шиддат билан қаршилик кўрсатилаётганини таъкидлади ҳамда Америка давлати ўзининг ҳаракатларини ва фаолиятини бошқа мамлакатлар билан мувофиқлаштириб амалга ошириши керак деб айтди. Албатта, Доналд Трампнинг АҚШ президенти этиб сайланганидан кейин Америка давлати кўп маротаба яккаланиб қолди. Мисол тариқасида келтирадиган бўлсак, Трампнинг Париж иқлим шартномасидан АҚШнинг чиқишини эълон қилиши бўлиб, ҳеч қайси бир дунё мамлакатлари Вашингтоннинг ушбу қарорини қабул қилмади ва жаҳон мамлакатлари Америкасиз ҳам ўз йўлларини давом эттиришларини таъкидлашди.

      Шунингдек, Америка қўшма штатларининг Транс-тинч океанида иштирок этмаслик ва ушбу битимдан чиқиб кетишини эълон қилишидан кейин ҳам ушбу ташкилотга аъзо мамлакатлар эркин савдо минтақасини ташкил этишга асосланган ўзларининг мажбуриятларини АҚШнинг иштирокисиз ҳам давом эттиришларини таъкидлашди. Шундан сўнг, Хитой зудлик билан ушбу минтақавий ташкилотнинг раҳбарлигини ўз зиммасига олишни маълум қилди. Шунингдек, АҚШнинг Исроилни ҳимоя қилиш баҳонасида БМТ қошидаги ЮНЕСКО ташкилотининг аъзолигидан чиқиши ҳам бошқа аъзо давлатларга ўзининг ҳеч қандай таъсирини ўтказолмади. Бу эса, Вашингтоннинг намуна бўлиш учун етарли куч-қудратга ва имкониятга эга эмаслигини яна бир бор намоён этди. Ушбу мавзу Эрон ва олтилик давлатлари томонидан Эрон ядровий фаолиятига доир қабул қилинган “Қўшма ҳаракатлар комплекс дастури”да ҳам ўз аксини топди. АҚШ президенти Доналд Трамп ушбу ядровий келишувдан чиқиши ҳақида таҳдид қилди. Аммо, барча мамлакатлар ва халқаро миқёсда таъсир кучига эга бўлган ташкилотлар ўзларининг ушбу келишувдаги мажбуриятларини давом эттиришга ва ушбу битимга қатъий амал қилишларини таъкидлашди.

      Ушбу ёндашувдан келиб чиқиб Доналд Трамп Эрон ядровий дастурига доир келишувдан чиқиши учун қилаётган таҳдидларини ва позициясини бироз ўзгартиришга ва эҳтиёткорлик билан иш тутишига олиб келди. Эндиликда эса, Исроил мавзусига қаратилган баҳсли масала Американи бениҳоят яккалатиб қўйди. Қудснинг ишғол этилиши Бирлашган миллатлар ташкилотининг Хавфсизлик кенгашида қабул қилинган 15 та резолюцияда қайд этилган бўлиб, Америка президенти Доналд Трампнинг Қудсни Исроил пойтахти дея тан олишга оид қарори ҳам, ушбу резолюцияларни бузиш ҳисобланади. Трамп етакчилигидаги Америка миллатчилик гуруҳи, халқаро ташкилотларни жалб қилмаган ҳолда жумладан Вашингтоннинг сиёсий-иқтисодий иттифоқчиларини аралаштирмасдан ўзлари кўзлаган мақсад ва тартибни дунёда ўрнатилиши учун саъй-ҳаракат қилишмоқда. Лекин ҳозирги 21 аср, жаҳон мамлакатларининг Америка қўшма штатлари президентининг хоҳиш-истакларига кўра иш тутадиган давр эмас. Шулардан келиб чиқиб, жаҳон халқлари ва дунё ҳамжамияти Вашингтоннинг изми билан ҳаракат қилмаслигини яна бир бор намоён этишди. Ҳозирги дунё агар АҚШ ўзи танҳо бўлса ҳам, ўз йўлларида давом этишларини очиқ ойдин билдиришмоқда.     

     Турли давлатларнинг норозилигига қарамай, Оқ Уй Қудсни расман Исроил пойтахти деб тан олинишини  эълон қилди. Шундан сўнг фаластинликлар норозилик намойишларига кўтарилди. 8 декабрь куни кечқурун АҚШ президенти Дональд Трампнинг Қудсни Исроил пойтахти сифатида тан олиши ва ва Америка элчихонасини Тель-Авивдан Қудсга кўчириши бўйича қабул қилган қарорига қарши оммавий норозилик намойишлари вақтида, Сионистик режим ҳарбийлари билан юз берган тўқнашувлар натижасида 4 нафар фаластинлик шаҳид бўлди. Асосан Иордан дарёсининг ғарбий қирғоғидаги шаҳарларда рўй берган тўқнашувларда кўплаб фаластинликлар жабрланган жумладан, газдан заҳарланганлар ҳам бор. Исроил ҳарбий авиацияси Ғазо секторига қарата ҳаво ҳужумларини амалга оширган. Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирлигининг хабар беришича, Иордан дарёсининг Ғарбий қирғоғи, Ғазо сектори ва Қудснинг турли туманларидаги норозилик намойишлари вақтида 1 минг 100 киши жабрланган. Фаластин озодлик ташкилотининг ижроия комитети котибига кўра, Америка давлати Қудс юзасидан қабул қилган қарорини бекор қилмагунга қадар АҚШ расмийлари билан ҳеч қандай учрашувлар ва музокаралар ўтказилмайди. Шунингдек, Фаластин раҳбарияти Қудснинг Исроил пойтахти деб тан олиниши ва АҚШнинг Исроилдаги элчихонасининг у ерга кўчирилиши қарорига нисбатан норозилик сифатида АҚШ вице-президенти Майкл Пенс билан учрашишдан бош тортди. Бу ҳақда Фаластиннинг ФАТҲ ҳаракати марказий комитети котиби Жаброил Ражуб хабар берди. 

      Муҳтарам тингловчилар, " Таҳлилий эшиттиришга" ажратилган вақт ўз ниҳоясига етди. Дастурларимиз давом этади. Мен эса сизлар билан хайрлашаман.

      Яна радио тўлқинларида учрашгунча хайр, меҳрибон ва раҳимли аллоҳ паноҳида қолинг.