Арманистонда оммавий тартибсизликлар сабаб жиноий иш қўзғатилди
Ереван марказида полициячилар билан намойишчиларнинг тўқнашувидан кейин Арманистонда "оммавий тартибсизликлар" моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилди. Мамлакат бош прокуратураси матбуот хизмати шу ҳақида хабар берди.
Мухолифат депутат Никол Пашинян томонидан бошқарилувчи норозилик акцияси иштирокчилари бош вазир лавозимига мамлакат собиқ президенти Серж Саргсяннинг номзоди қўйилишига қарши чиқишмоқда. Душанба куни улар Еревандаги парламент биноси ичига киришга уринишган, полиция бу уринишларни йўққа чиқарган.
Баёнотда келтирилишича, давлат ва хусусий мулкка зиён етган, полициячиларга қарши куч ишлатилган.
"Мазкур факт юзасидан "оммавий тартибсизликлар" ва "қонунни бузган ҳолда йиғилишларни ташкиллаштириш ва ўтказиш моддалари бўйича жиноий иш қўзғатилган", - дейилади хабарда. Ушбу моддалар бўйича максимал санкция саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилишни кўзда тутади.
Собиқ давлат раҳбарининг бош вазир этиб тайинланишига қарши чиқаётган намойишчилар ўз лагерини Франция майдонидан парламент яқинига - Маршал Баграмян проспектига кўчиришади, улар туни бўйи ўша ерда қолишмоқчи, - деди душанба куни акция раҳбари Пашинян.
Пашинян полиция билан тўқнашувдан кейин "Наири" тиббиёт марказида бўлган. Қайтгач, журналистларга қўлини тиконли тўсиқда тилиб олгани, полиция унга нисбатан ҳеч қандай зўравонлик қўлламаганини айтган.
Арманистон соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, полиция ва намойишчилар ўртасидаги тўқнашувдан кейин 46 киши тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган. Уларнинг бир қисмига ёрдам кўрсатилгач, қўйиб юборилган.
Вазирлик маълумотларига кўра, полициячиларга ўткир ва ўтмас предметлар билан зиён етказилган. Улардан бири жарроҳлик амалиётига муҳтожлиги, венасига жиддий зиён етгани айтилган.
9 апрель куни Арманистоннинг сайланган президенти Армен Саркисян лавозимига киришганидан сўнг ҳукумат истеъфосини қабул қилди. Янги президентнинг инаугурация куни вазирлар маҳкамасининг тарқатилиши конституцияда кўзда тутилган. Келгусида ҳукумат президент сайловлари эмас, фақат парламент сайловларидан кейингина автоматик равишда кетади. Бош вазир танлангандан кейин беш кун ичида президентга ҳукумат аъзолари номзодлари тақдим этилиши керак, 15 кунлик муддатда эса вазирлар маҳкамасининг учдан икки қисми шаклланиб бўлган бўлиши лозим. Ҳукмрон коалиция бош вазир лавозимига Саргсянни илгари сурди.
Арманистон миллий мажлиси 2 март куни Саркисянни мамлакатнинг янги, тўртинчи президенти этиб сайлади. Собиқ давлат раҳбари Саргсяннинг президентлик муддати тугаллангандан кейин Арманистон конституциясининг янги матни кучга кирди. Унга мувофиқ, ҳукмронлик парламент ва ҳукумат қўлида бўлади, парламент томонидан сайланадиган президент функциялари эса вакиллик функциялари ҳисобланади.