Ҳабиб Нурмагомедов Конор Макгрегорнинг юраги ва онгини йўқ қилиб ташламоқчи
Аралаш йўналиш (MMA) бўйича россиялик жангчи Ҳабиб Нурмагомедов мураббийси Али Абдул-Азизнинг ирландиялик Конор Макгрегор билан юзага келган можаросига изоҳ берди.
«Мен сиёсатчи эмас, балки профессионал жангчиман. Агар Конорда менежерим билан муаммо бўлса, у билан гаплашиб олиши мумкин. Ҳатто у билан жанг қилиш имкониятига ҳам эга. Алида Ренцо Грейсидан (MMA ва жиу-житсунинг бразилиялик жангчиси) қора белбоғ бор. У Конорни аниқ бўғиб қўяди», - дея россияликнинг сўзларини келтиради BJ Penn.
Шунингдек, Нурмагомедовнинг таъкидлашича, Макгрегорнинг оиласи ва жамоасини ўзаро келишмовчиликка аралаштиришни мўлжалламаяпти.
«Менда у билан муаммо бор. Мен у билан жанг қиламан. Уни мағлуб этишни эмас, балки чаплаб ташлашни хоҳлайман. Унинг юраги, онгини йўқ қилишни. Биз ҳақиқий чемпион ва шоҳ ким эканлигини билиб оламиз», - дея хулоса қилди у.
Нурмагомедов — Макгрегор жанги 6 октябрь куни Лас-Вегасда бўлиб ўтади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Нурмагомедов Макгрегор билан жангдан аввал ўзбекистонлик мухлисларга мурожаат қилганди.