Сабоқ: Болакай отиб ташланган ота-онаси террорчи эмаслигини исботлади
(last modified Tue, 29 Jan 2019 11:46:02 GMT )
Январ 29, 2019 16:46 Asia/Tashkent
  • Сабоқ: Болакай отиб ташланган ота-онаси террорчи эмаслигини исботлади

19 январь куни юз берган қонли отишмада ота-онаси ва опасидан айрилган тўққиз яшар болакай полиция бошқача тасвирлашга уринган шафқатсиз ҳаракатнинг асл тафсилотларни фош этиб берди.

Юқори тайёргарликдан ўтган террорчиликка қарши кураш бўлинмаси полиция зобитлари Лаҳор жанубий-ғарбида «қўлга киритилган ишончли маълумотларга асосан ўтказилган амалиёт» чоғи Исломий Давлатга алоқадор тўрт нафар «террорчи»ни отиб ўлдирганини иддао қилган. Полицияга кўра, «террорчилар»нинг ўзи биринчи бўлиб ўқ уза бошлаган.

Полиция қолган уч нафар «террорчи»нинг мотоциклда воқеа жойидан қочиб кетганини маълум қилган.

Воқеа Саҳивал шаҳрига кириш жойида содир бўлган.

Аммо шифохонага олиб борилган тўққиз яшар Умайр Ҳалил журналистларга бўлиб ўтган ҳодиса тафсилотларини мутлақо бошқача тасвирлаб берган.

Болакайнинг сўзлашича, унинг оила аъзолари Лаҳордан Саҳивалдаги қариндошининг тўйига келаётган бўлган. Машинани отасининг дўсти бошқариб борган. Саҳивал шаҳрига киришда полициячилар машинани тўхтатган.

«Отам полициячиларга пул олишни, эвазига ўқ узмасликларини айтди. Бироқ улар ўт оча бошладилар,» деган Умайр журналистларга.

Оқибатда, унинг ота-онаси ва 12 яшар опаси ҳамда рулда бўлган отасининг дўсти ҳалок бўлган.

Отишмадан фақат Умайр ва унинг икки синглиси омон қолган, холос.

Умайрнинг кўрсатмаси тасвирланган видео покистонлик ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари томонидан яшин тезлигида тарқатилган. Одамлар полицияни бегуноҳ инсонларни ўлдиришда айбламоқда.

Бироз вақт ўтиб, отишма жараёни тасвирланган видео пайдо бўлган. Бу тасвир боланинг сўзларини дастаклайди.

Гувоҳлар томонидан суратга олинган мазкур видеода полициячиларнинг машинага қарата ўқ узаётгани, сўнг унинг ичидан тирик қолган уч болани олиб, воқеа жойини тарк этганини кўриш мумкин.

Бундан ташқари отишмадан сўнг машина ичидаги ҳолат тасвирланган суратлар ҳам ижтимоий тармоқларда тарқатилган. Суратларда ҳайдовчининг, ҳатто, хавфсизлик камарини ечишга улгурмагани, қўллари эса ҳали ҳам руль чамбарагида турганини кўриш мумкин. Умайрнинг отаси олд ўриндиқда, онаси ва опаси орқада бўлган.

Бундай ҳолатдан покистонликлар ғоят ғазаб отига минган. Мамлакат Бош вазири Имрон Хон «ота-онаси кўз ўнгида отиб ўлдирилган болалар аҳволини кўриб,» даҳшатга тушганини маълум қилган.

Бош вазир ўзининг Twitter саҳифасида террорчиликка қарши курашувчи кучлар тинчликни сақлаш йўлида қанчалик самарали фаолият олиб бораётган бўлмасин, ҳар кимнинг қонун олдида жавоб бериши лозимлиги, ҳукумат бу ҳолатга нисбатан тезкор чоралар кўражагини ёзиб қолдирган.

Ҳодиса юз берган куннинг ўзида бир неча зобитлар ҳибсга олинган, воқеа жойида тезкор текширув бошланган.

Расмийлар терроризмга қарши кураш бўлинмасининг айрим юқори лавозимли раҳбарлари ишдан олингани, отишмада бевосита иштирок этган беш нафар зобитнинг одил суд олдида жавоб беришини эълон қилган.