Трамп иттифоқчиларидан АҚШ қўшинларини жойлаштирилиши учун кўпроқ пул тўлашларини истамоқда
АҚШ президенти Дональд Трамп ва унинг ёрдамчилари бошқа давлатлар ўз ҳудудларида АҚШ қўшинлари жойлаштирилиши учун пул тўлаши борасида янги формула ишлаб чиқишди.
Бу ҳақда Тайм ҳафтаномаси хабар берди. Вашингтонда ҳисоб-китобнинг янги услубини «нарх плюс 50 фоиз» деб номлашди. Унга кўра, давлатлар ўз ҳудудларида АҚШ қўшинлари жойлаштирилиши учун харажатларни тўлиқ тўлайди, сўнгра қўшимча равишда ушбу сумманинг тенг ярмини тўлашади.
Трамп узоқ йиллардан буён АҚШ қўшинларини ўз ҳудудларида жойлаштирган мамлакатлар кам ҳақ тўлашаётганини айтиб келади.
АҚШ қўшинлари дунёнинг юздан ортиқ давлатида жойлаштирилган. Энг кўп ҳарбийлар эса Япония, Жанубий Корея, Германия, Қатар ва Бирлашган Араб Амирликларида жойлашган.
Бу янгилик биринчи галда Германия, Япония ва Жанубий Кореяга тегишли. Нашр манбалари бу мамлакатлардан бири билан мазкур формула олий даражада муҳокама этилганини даъво қилмоқда.