Биз билан Эронга келинг
Гармсор туз конлари
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан.
Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!
Микрофон олдида камина Кўҳёр Аршадниё хизматингиздаман.
"Биз билан Эронга келинг!" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони яна эфирда. Ушбу дастур орқали Эронга оид қизиқарли маълумотлар билан сизни таништириб борамиз.
Сўҳбатларимизни тинглаб боринг.
Семнон вилояти бўйлаб саёҳат қилишда давом этамиз.Ўтган сўҳбатимизда ушбу вилоятнинг муҳим бўлган айрим тарихий ёдгорликлари борасида сизга маълумот берган эдик. Гармсорда ҳам имомзодалар мақбаралари, кўплаб карвонсаройлар, қадамжолар, қалъалар, тарихий тепалар, сувни захира этиш иншоотлари ва қадимий бинолар мавжуд.
Ушбу тарихий ёдгорликларнинг барчаси борасида маълумот бериш учун вақтимиз етарли эмас. Шу боисдан уларнинг фақат айримлари билан сизни таништирмоқчимиз. Гармсор жанубидаги биёбон томон 50 километр борганингиздан кейин Сиёҳкуҳ номли тепалик мавжуд. Сиёҳкуҳ тепаси шимолида учта қадимий бино кўзга ташланади. Маҳаллий аҳоли уларни қаср деб аташади.
Ушбу ёдгорликлардан бири “Баҳром” ёхуд “Шоҳ Аббосий” қасри эди. “Шоҳ Аббосий” қасри атрофида топилган сопол ашёлари эса темурийлар даврига тааллуқли бўлган. Аммо мазкур бино шоҳ Аббос Сафавий даврида таъмирланиб, қайтадан қурилган. Шу сабабдан ушбу бино кейинчалик “Шоҳ Аббосий” номи билан танилган. “Баҳром” ёхуд “Шоҳ Аббосий” қасрининг қўриқланган Кавир миллий паркида жойлашгани ҳам мазкур карвонсарой жозибасини оширади. Қўриқланган Кавир миллий паркининг ягона бўлган табиий муҳити унда мавжуд турли гиёҳлар, ҳайвонлар ва қушлар билан биргаликда сайёҳларнинг муҳим дам олиш масканларига айланган.
Қадим замонларда ичимлик сувидан фойдаланиш учун қувурлар мавжуд бўлмагани боис Эрон шаҳар ва қишлоқларининг турли нуқталарида ичимлик сувини захира этувчи иншоотлар қуришарди ва аҳоли ҳам улардан кенг фойдаланишарди.
Семнон вилоятида, хусусан, Гармсорда ҳам ушбу иншоотлардан кўп қурилган ва уларнинг айримлари ҳозиргача бузилмаган ва аввалги ҳолатида сақланиб қолинган. Ичимлик сувини захира қилиш учун қурилган иншоотларнинг кўриниши бир-бирига ўхшашдир. Яъни, зинапояларга эга конуссимон бинода ҳаво кириб, сувни совитиши учун бодгирлар қурилган.
Гармсор шаҳрининг ичимлик сувини сақлаш иншоотлари минтақада энг катта сув иншоотларидан бўлиб, жуда ажойиб бинолар ҳисобланишади. Мазкур бинолар Қожор даврида қурилган ва Гармсор жоме масжидининг шимолий бурчакида жойлашган. Ушбу иншоотнинг 24та зинадан иборат юмалоқ зинапоялари ҳаво кириши учун қурилган бинонинг бодгирларигача боради. Сувнинг чуқурлиги зинапояларнинг 14 –зинасигача етади. У ердаги сув захиралари беш ойгача шаҳар ва унинг атрофидаги аҳолини ичимлик суви билан таъминлайди.
Ушбу сув иншооти биноси гунбазининг тепасида куб шаклида ҳаво тортувчи мослама қурилган. Ушбу мослама орқали ҳаво алмашади ва сувни ҳам совутади. Ушбу сувни захира этувчи бино Семнон вилоятининг миллий мерос рўйхатига киритилган.
Гармсор шаҳрида ҳозир ҳам аҳоли ва йўловчилар фойдалана оладиган ва ичимлик сувини совуқ сақлайдиган иншоот ва бинолар мавжуддир.
Қадрли мухлислар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган бир соатлик оқшомги дастуримизда "Биз билан Эронга келинг!" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз радиомизнинг интернет сайти Parstoday .com /uz орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин.
Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг.Эшиттиришимиз давом этади.
Маълумки, дунёнинг табиий жозибаларга эга масканлари одамларнинг диққатини кўпроқ ўзига жалб этади. Ажабланарлиси шуки, Гармсорнинг туз конлари ҳам Эрон юртининг табиий жозибаларидан бири ҳисобланади. Гармсорнинг “Сардара” минтақасида асосий йўлнинг икки тарафида мавжуд кичикроқ бўлган йўллар орқали туз конларига борилади. Геотуризм ва геологияга қизиқувчи кишилар, айниқса, олий ўқув юртлари талабалари учун ушбу туз конларидан фойдаланиш йўллари ва ундаги қатламларни ўрганиш жуда фойдалидир.
Гармсор минтақасида 27та туз конлари мавжуд бўлиб, ушбу тузларнинг тозалик даражаси 98 фоиздан юқоридир. Мазкур конларнинг энг кўрками “Кўҳдашти куҳан” туз кони ҳисобланади. Минтақадаги туз конлари ичида беназир бўлган ушбу кон ўзига хос жозибага эгадир.
“Кўҳдашти куҳан” туз кони айланма тунел шаклида бўлиб, ер остида 1.5 километрлик узунликка эгадир. Туннел ичкарисида олтита йирик туз сутуни мавжуд ва уларнинг баландлиги 12 метрни ташкил этади.Туннелда туз тўкилиши олдини олиши учун ҳам 10-20 метргача ёруғлик берадиган ёритгич мосламалари ҳам ўрнатилган. Туннелга киришингиз билан кўзингиз аввал уларга тушади. Мазкур туз кони ярим биёбонлик, иссиқ ва қуруқ иқлимга эга бўлишига қарамай, ёз ва қиш фаслларида ҳам сайёҳларнинг қулай сайёҳат қилиш масканига айланган.
Қадрли тингловчилар, ”Биз билан Эронга келинг!" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман.Яхши дам доимо сизга ҳамдам бўлсин.