Биз билан Эронга келинг
Ободон шаҳри
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан.
Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!
Микрофон олдида камина Кўҳёр Аршадниё хизматингиздаман.
"Биз билан Эронга келинг!" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони яна эфирда. Ушбу дастур орқали Эронга оид қизиқарли маълумотлар билан сизни таништириб борамиз. Суҳбатларимизни тинглаб боринг.
Ёдингизда бўлса, олдинги эшиттиришимизда Хузистон вилоятининг муҳим туманларидан бири Ободон ҳақида маълумот беришни бошлаган эдик. Ободон шаҳри Ободон тумани марказидир ва денгиз сатҳидан 5 метрлик баландликда қарор топган. Ободон шаҳридан Теҳронгача бўлган масофа 1066 километрни ташкил этади. Етук тарихчи ва географлардан бўлган Ёқут Ҳамавий Арвандруд ва Корун ўртасида жойлашган йирик оролни Миёнруд дея атаган. Бир қатор тарихчилар ва географларнинг ёзган китобларига кўра, Ободон минтақаси бир вақтлар кемаларнинг кўп ҳаракатланишлари ва саёҳат маскани бўлгани жиҳатидан катта эътибор ва диққатга сазовор бўлган.Ободон минтақаси ўтмишда Аббодон дея аталган ва ўтган асрлар давомида Хизр ороли номига эга бўлган. Ҳижрий-шамсий 14 асрнинг аввалида муҳим бўлган ушбу бандаргоҳ Ободон номини олган.Ободон шаҳри Хузистон вилоятининг энг жанубий бўлган шаҳарлардан бири ва Эроннинг иссиқ иқлимга бўлган минтақаси ҳисобланади. Мазкур шаҳар Арванд ва Корун дарёлари ҳамда Форс кўрфазига яқин жойлашгани боис иссиқ ва рутубатли ёз фасли ва об-ҳавоси мўътадил бўлган қиш фаслига эгадир.
Мазкур минтақада фасллар ўзгариши билан турли шамоллар ҳам эсиб туради. Охирги йилларда қумли шамолларнинг эсиши минтақа аҳолиси учун бир қатор ноқулайликлар яратган.
Ободон минтақасининг ерлари қишлоқ хўжалик соҳаси учун муносиб ва унумли ҳисобланади. Бу ерда хурмо меваси кўп миқдорда етиштирилади. Картошка, қовоқ, пиёз, киви, олма, анор, тарвуз, қовун, найшакар каби маҳсулотлар ҳам минтақа иқтисодиётида муҳим ўрин тутади. Ободонда етиштириладиган сифатли қишлоқ хўжалик маҳсулотлари Қатар, Қувейт, БАА, Австралия, Канада, Англия, Янги Зеландия, Жанубий Африка ва бошқа хорижий мамлакатларга Ободон порти орқали экспорт қилинади.
Хузистон вилоятидаги Масжиди Сулаймон минтақасида нефт конлари топилгани ва фойдаланишга топширганидан кейин Ободон туманининг кўпроқ ривожланиши ва равнақ топиши бошланади. Ободон тумани Арвандруд ва Корун дарёлари соҳилларида жойлашгани ва нефт маҳсулотларини ушбу портлар билан хорижий мамлакатларга экспорт қилиниши осон бўлгани боис мазкур туманда йирик нефтни қайта ишлаш корхонаси қурилади. Ушбу корхона милодий 1912 йилда фаолият бошлайди. Ободон нефтни қайта ишлаш корхонаси дунёнинг энг йирик корхоналаридан бири ва нефт маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва экспорт этишнинг муҳим марказларидан ҳисобланади.
Хузистон вилоятидаги барча минтақаларнинг нефтлари қувурлар орқали Ободон нефтни қайта ишлаш корхонасига етказилади. Ободондаги мазкур йирик корхонада турли қавмлар вакиллари ва турли минтақалардан бўлган мутахассислар ва оддий ишчилар фаолият кўрсатишади. Шу сабабдан бу минтақада ўзига хос бир маданият шакланиб, иқтисодий ривожланишлар ҳам жадаллик билан юзага келади.
Шамсий 1355 йилда Хузистон вилоятидаги бошқа минтақалардан кўра Ободон шаҳрида яшовчи аҳолининг сони сезиларли даражада ошади ва мамлакатда муҳим бўлган саноат шаҳрига айланади. Ободонда нефтни қайта ишлаш корхонаси ёнида нефтохимия комплекси ҳам қурилади. Мазкур ҳиссадорлик ширкати етти корхонадан иборатдир. Шамсий 1348 йилда фаолият бошлаган ушбу комплекс янги иш ўринларини яратиш ва минтақа иқтисодиётининг ривожланишида муҳим аҳамият касб этади.
Қадрли мухлислар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган ярим соатлик тонги дастуримизда "Биз билан Эронга келинг!" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз радиомизнинг интернет сайти Parstoday .com /uz орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин.
Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг. Эшиттиришимиз давом этади.
Шамсий 1359 йилнинг 31 шаҳриварида, милодий ҳисоб билан 1980 йилнинг 22 сентябрида Эронга қарши Саддом режими орқали уруш бошлангани боис Ободон шаҳри Ироқ ҳарбий кучлари томонидан амалга оширилган кенг қамровли ҳужумлар остида қолади. Ушбу ҳужумлар натижасида Ободондаги нефтни қайта ишлаш заводи, нефт иншоотлари, портлар, тайёрагоҳлар, бошқа саноат марказлари, сув етказиш системалари, турар жойлар катта зарар кўришади. Оқибатда Ободон аҳолисининг сони кескин камайиб, иқтисодий фаолиятлар турғунликка учрайди. Урушнинг аввалги йилларида Ободон шаҳри босқинчи Баъс режими томонидан бир йилгача қамал қилинади. Бироқ шаҳар аҳолисининг матонат ва жасурлик билан қарама-қаршилик кўрсатишлари сабабли душман ушбу шаҳарни ишғол этолмайди.
Милодий 1981 йил сентябр ойининг охирларида Имом Хумайний (р) нинг “Ободон қамали бартараф этилсин” бобидаги фармонлари асосида Саддом кучларига қарши йирик амалиёт бошланади ва Ободон қамали бартараф этилади. Албатта, ушбу қамалнинг бартараф этилганидан кейин ҳам Ободон шаҳрини душман томонидан нишонга олишлар бир муддат давом этди. Уруш жараёнларида ушбу шаҳарнинг обод қолган жойи қолмаган эди. Саддом армияси орқали кимёвий қуроллардан фойдаланилгани ҳам Ободон шаҳри фазосини заҳарлантирган эди ва кўплаб аҳолининг бошқа жойларга кўчиб боришларига сабаб бўлган эди.
Азиз тингловчилар, ”Биз билан Эронга келинг!" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Яхши дам доимо сизга ҳамдам бўлсин.