Биз билан Эронга келинг
Сиистон-Балучистон вилояти
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан.
Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!
Микрофон олдида камина Кўҳёр Аршадниё хизматингиздаман.
"Биз билан Эронга келинг!" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони яна эфирда. Ушбу дастур орқали Эронга оид қизиқарли маълумотлар билан сизни таништириб борамиз.Сўҳбатларимизни тинглаб боринг.
Азизлар, олдинги суҳбатимизда Семнон вилоятидаги Гармсор туз конлари ҳакида сизга маълумот берган эдик. Ажабланарлиси шуки, Гармсорнинг туз конлари ҳам Эрон юртининг табиий жозибаларидан бири ҳисобланади. Гармсорнинг “Сардара” минтақасида асосий йўлнинг икки тарафида мавжуд кичикроқ бўлган йўллар орқали туз конларига борилади. Геотуризм ва геологияга қизиқувчи кишилар, айниқса, олий ўқув юртлари талабалари учун ушбу туз конларидан фойдаланиш йўллари ва ундаги қатламларни ўрганиш жуда фойдалидир.
Гармсор минтақасида 27та туз конлари мавжуд бўлиб, ушбу тузларнинг тозалик даражаси 98 фоиздан юқоридир. Мазкур конларнинг энг кўрками “Кўҳдашти куҳан” туз кони ҳисобланади. Минтақадаги туз конлари ичида беназир бўлган ушбу кон ўзига хос жозибага эгадир.
“Кўҳдашти куҳан” туз кони айланма тунел шаклида бўлиб, ер остида 1.5 километрлик узунликка эгадир. Туннел ичкарисида олтита йирик туз сутуни мавжуд ва уларнинг баландлиги 12 метрни ташкил этади.Туннелда туз тўкилиши олдини олиши учун ҳам 10-20 метргача ёруғлик берадиган ёритгич мосламалари ҳам ўрнатилган. Туннелга киришингиз билан кўзингиз аввал уларга тушади. Мазкур туз кони ярим биёбонлик, иссиқ ва қуруқ иқлимга эга бўлишига қарамай, ёз ва қиш фаслларида ҳам сайёҳларнинг қулай сайёҳат қилиш масканига айланган.
Азизлар, Семнон вилоятига оид суҳбатларимиз шу ерда якун топади ва сиз билан Эроннинг бошқа вилоятларидан бири Сиистон-Балучистонга сафар қилишни бошлаймиз.
Эрон жануби-шарқида жойлашган Сиистон-Балучистон вилоятининг масоҳати қарийб 187502 квадрат километрни ташкил этади ва мамлакатнинг энг кенг бўлган минтақаси ҳисобланади.Сиистон-Балучистон вилояти Покистон ва Афғонистон мамлакатлари билан 1100 километрлик муштарак чегара ҳудудлари ҳамда Уммон денгизи билан 300 километрлик сувдаги чегараларга эгадир. Шу боисдан бу вилоят стратегик ва транзит мавқега эга бўлган ва мамлакат учун муҳим аҳамият касб этади.
Мазкур вилоятда жойлашган Чобаҳор порти Эроннинг океандаги ягона бандаргоҳи бўлиб, Марказий Осиё мамлакатларининг эркин сувларга чиқишлари учун энг қулай ва осон йўлдир. Ушбу имкониятлар Сиистон ва Балучистон вилоятининг стратегик аҳамиятини янада оширган. Ушбу вилоят икки қисм- Сиистон ва Балучистондан иборатдир.
Сиистон Зобул ва унинг атрофидаги шаҳарлардан иборат бўлса, Балучистон Зоҳидон ва Чобаҳоргача бўлган қолган шаҳарларни ўз ичига олади. Ушбу вилоятдаги барча шаҳарларнинг иқлими иссиқ ва қуруқдир. Бироқ Чобаҳор бандаргоҳида иссиқ ва намли об-ҳавони кузатиш мумкин. Мазкур вилоятнинг ҳар иккала қисми ҳам хос жуғрофик хусусиятларга эгадир. Суҳбатларимиз давомида, аввал, ушбу вилоятнинг Сиистонга тегишли қисми ва кейинги эшиттиришларимизда Балучистон тоғли минтақаси билан сизни таништирмоқчимиз.
Сиистон юртининг масоҳати қарийб 15197 квадрат километрни ташкил этади ва Эрон шарқидаги ҳудудлар кенгликларини ўз ичига олади. Мазкур минтақадаги Париён дарёси узунлигида Эрон ва Афғонистоннинг муштарак чегара ҳудудлари жойлашган.
Қадрли мухлислар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган бир соатлик оқшомги дастуримизда "Биз билан Эронга келинг!" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз радиомизнинг интернет сайти Parstoday .com /uz орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин.
Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг.Эшиттиришимиз давом этади.
Сиистон шимоли-шарқда Афғонистон ва жанубда эса Зоҳидон тумани, ғарб ва шимоли-ғарбда Кавири Лут ва Жанубий Хуросон билан чекланган. Зобул тумани Сиистон маркази ҳисобланади. Зобул шаҳридан Теҳронгача бўлган масофа 1548 километрни ташкил этади.
Сиистон тоғлари шимол ва жанубдаги тоғлар ҳамда ундаги даштга яқин бўлган Палангкуҳ тоғи билан зич жойлашган бўлиб, минтақанинг асосий баландликларидан ҳисобланади. Хожа тоғи ҳам даштдаги табиий кўринишларидан бўлиб, кучли шамоллар қаршисида Зобул шаҳрининг ғарбидаги Ҳомун кўли гўшасида вулқондан ҳосил бўлган қаттиқ моддалар ҳамон сақланиб қолинган. Унинг денгиз сатҳидан бўлган баландлиги 612 метрни ташкил этади.
Сиистон Эроннинг қадимий ва афсонавий масканларидан ва муҳим бўлган минтақаларидан ҳисобланади ҳамда узоқ ва бой тарихга эгадир. Тарих давомида унда кўп ва турли воқеалар юз берган. Бошқа қадимий халқлар сингари ўтмишдан бошлаб Сиистон юрти ва унинг ботир халқи ҳақида ҳам кўплаб қизиқарли афсона ва ривоятлар мавжуд. Буюк Фирдавсийнинг безавол “Шоҳнома”сининг асосий қаҳрамони Рустами Дастон Сиистонда туғилган. Тарихчилар Сиистонни Каюмарснинг невараларидан бири Гаршосбга алоқадор этишади. Сиистон ориёийлар қавмидан бўлган “Сако” номидан олинган. Сакоийлар милоддан олдин бўлган 128 йилда Сиистонни ишғол этишган ва унинг кенг ерларида жойлашиб олишган. “Нимрўз” ҳам Сиистоннинг бошқа номларидандир. Сиистондаги шаҳарларни ҳам Зол, Сом ва Рустам каби афсонавий паҳлавонларга алоқадор этишади.
Қадрли тингловчилар, ”Биз билан Эронга келинг!" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман.Яхши дам доимо сизга ҳамдам бўлсин.