Биз билан Эронга келинг
Cиистон -Балучистон вилоятининг шаҳарлари
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан.
Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!
Микрофон олдида камина Кўҳёр Аршадниё хизматингиздаман.
"Биз билан Эронга келинг!" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони яна эфирда. Ушбу дастур орқали Эронга оид қизиқарли маълумотлар билан сизни таништириб борамиз. Сўҳбатларимизни тинглаб боринг.
Айтиш лозимки, Сиистон ва Балучистон вилоятида ҳам бир қатор муҳим шаҳарлар жойлашган. Зоҳидон шаҳри ушбу вилоятнинг маркази ҳисобланади. Зоҳидон мумтоз жуғрофик мавқега эгадир ҳамда Покистон, Ҳиндистон, Кирмон ва Балучистонга борувчи асосий йўлларнинг йўналишида жойлашган. Европага сафар қилувчи сайёҳлар Зоҳидон орқали Эронга кириб келишарди ва Эрон марказидан ўтиб, Эрон шимоли-ғарбидаги чегара ҳудудлар орқали Туркияга боришарди. Шу сабабдан кўплаб сайёҳлар ушбу йўллар орқали ҳаракат қилишарди. Юз йилга яқин тарихи билан Зоҳидон янги қурилган шаҳарлардан бўлиб, Покистон ва Афғонистон мамлакатлари яқинида жойлашган.
Хош нисбатан қадимий шаҳарлардан бўлиб, унинг пайдо бўлиш тарихи милодий 18 асрга ё Нодир ҳукумати даврига бориб тақалади. Мазкур минтақанинг кенг ва ҳосилдор ерлари вилоятда уни қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириш марказига айлантирган. Тафтон тоғи 4100 метрга эга баландлиги билан Хошнинг шимоли-шарқида жойлашган. Ушбу тоғнинг гўзал этаклари ва минерал сувларга эга булоқлари табиат севувчилар диққатини ўзига жалб қилган. Йилнинг турли фаслларида у ерга бутун Эрондан алпинист ва спортчилар боришади.
Эроншаҳр ҳам Балучистоннинг маркази қисмида жойлашган ва ундан Зоҳидон жанубигача бўлган масофа 365 километрни ташкил этади. Эроншаҳр олдинги вақтларда Паҳра, яъни йирик шаҳар деб аталган ва Эроннинг энг қадимий шаҳарларидан бири ҳисобланади. Искандарнинг ҳужумидан олдин ушбу шаҳар обод ва гуллаб-яшнаган минтақа бўлган ва кейинчалик эса турли сабаблар боис шаҳар вайронага айланади. Бироқ икки аср олдин, Қожор салтани даврида Эроншаҳр тадрижий тарзда ривожланади ва бугунги кунда аҳолини ўзига жалб этган саноат ва қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириш марказлари ҳамда Сиистон-Балучистон вилоятининг муҳим шаҳраларидан бири саналади. Мазкур шаҳарда ҳам муҳим тарихий ёдгорликларни кўриш мумкин. Пешин қадимий қалъаси, Чиҳилдухтарон, Бампур ва Сарбоз қалъалари шулар жумласидандир.
Сиистон ва Балучистон вилоятининг энг шарқий қисмида Саровон шаҳри жойлашган. Ушбу шаҳар вилоят маркази Зоҳидондан 352 километрлик узоқликда жойлашган. Саровон аввал Шастун номли бир қишлоқ бўлган ва кейинчалик кенг ривожланиб, шаҳарга айланган. Саровон минтақасида ҳам Исломдан олдинги даврларга тегишли муҳим тарихий ёдгорликларни кузатиш мумкин. Калотак тепаси, Саййид Мир Умар тепаси, милоддан беш минг йил олдин мавжуд бўлган Маҳтобхазона тепаси ва Майлморд тепаси бунга мисол бўла олади.
Сиистон ва Балучистон вилоятининг турли шаҳарлари борасидаги қисқача маълумотлар билан сиз азизларни таништириб ўтдик. Энди эса Эроннинг масъулиятли ва курашувчан донишмандларидан бири устоз Амир Таваккул Комбузиёнинг ҳаёти ва фаолиятлари тўғрисида сизга маълумот бермоқчимиз.
Зоҳидондан Калота –Комбузиё қишлоғигача бўлган масофа унчалик узоқ эмас. Биёбон орқали ўтувчи ушбу йўлдан кўплаб донишмандлар, шарқшунослар ва тадқиқотчилар марҳум устоз Комбузиёни кўриш учун йўл босиб ўтишган.
Қадрли мухлислар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган ярим соатлик тонги дастуримизда "Биз билан Эронга келинг!" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз радиомизнинг интернет сайти Parstoday .com /uz орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин.
Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг.Эшиттиришимиз давом этади.
Устоз Комбузиё ҳижрий-шамсий 1283, милодий ҳисоб билан 1904 йилда таваллуд топган. У бошланғич ва ўрта маълумотни Теҳрон ва Машҳаднинг диний мактабларида ва олий маълумотни эса Тошкент университетида олган.Устоз Комбузиё ҳуқуқ ва тарих факултетида таҳсил олиб, докторлик даражасигача етган ва етти тилда эркин гаплашарди. У полковник Муҳаммадтақихон Пасиён ёнида мустабид режимга қарши курашади ва оқибатда Зоҳидонга сургун қилинади. Доктор Комбузиё Паҳлавий ҳукуматига қарши бўлгани боис турли сабаблар билан назорат остига олинарди ва хавфсизлик кучлари орқали қатор босимлар билан юзмаюз бўларди. У Зоҳидон атрофида илмий тадқиқотларига давом эттиради ҳамда қишлоқ хўжалик ва боғдорчилик соҳаларида ҳам самарали ишларни амалга оширади. Доктор Комбузиё Калота-Комбузиё маҳалласида чиройли боғ билан биргаликда катта кутубхона ҳам ташкил қилган эди. Унинг вафот қилган вақтида ушбу кутубхонада 25 минг жилд китоб мавжуд эди. Милодий 1974 йилда доктор Комбузиёнинг сирли ўлимидан кейин унинг кутубхонаси Шоҳ режими ходимлари томонидан ёпилади ва ундаги айрим нодир китоб ва қўлёзмалар ғорат қилинади.
Қадрли тингловчилар, ”Биз билан Эронга келинг!" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман.Яхши дам доимо сизга ҳамдам бўлсин.