Биз билан Эронга келинг
Сиистон ва Балучистон вилоятининг халқ амалий санъати
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан.
Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!
Микрофон олдида камина Кўҳёр Аршадниё хизматингиздаман.
"Биз билан Эронга келинг!" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони яна эфирда. Ушбу дастур орқали Эронга оид қизиқарли маълумотлар билан сизни таништириб борамиз. Сўҳбатларимизни тинглаб боринг.
Айтиб ўтганимиздек, Зоҳидондан Калота –Комбузиё қишлоғигача бўлган масофа унчалик узоқ эмас. Биёбон орқали ўтувчи ушбу йўлдан кўплаб донишмандлар, шарқшунослар ва тадқиқотчилар марҳум устоз Комбузиёни кўриш учун йўл босиб ўтишган. Устоз Комбузиё ҳижрий-шамсий 1283, милодий ҳисоб билан 1904 йилда таваллуд топган. У бошланғич ва ўрта маълумотни Теҳрон ва Машҳаднинг диний мактабларида ва олий маълумотни эса Тошкент университетида олган.Устоз Комбузиё ҳуқуқ ва тарих факултетида таҳсил олиб, докторлик даражасигача етган ва етти тилда эркин гаплашарди. У полковник Муҳаммадтақихон Пасиён ёнида мустабид режимга қарши курашади ва оқибатда Зоҳидонга сургун қилинади. Доктор Комбузиё Паҳлавий ҳукуматига қарши бўлгани боис турли сабаблар билан назорат остига олинарди ва хавфсизлик кучлари орқали қатор босимлар билан юзмаюз бўларди. У Зоҳидон атрофида илмий тадқиқотларига давом эттиради ҳамда қишлоқ хўжалик ва боғдорчилик соҳаларида ҳам самарали ишларни амалга оширади. Доктор Комбузиё Калота-Комбузиё маҳалласида чиройли боғ билан биргаликда катта кутубхона ҳам ташкил қилган эди. Унинг вафот қилган вақтида ушбу кутубхонада 25 минг жилд китоб мавжуд эди. Милодий 1974 йилда доктор Комбузиёнинг сирли ўлимидан кейин унинг кутубхонаси Шоҳ режими ходимлари томонидан ёпилади ва ундаги айрим нодир китоб ва қўлёзмалар ғорат қилинади.
Марҳум Комбузиёнинг кутубхонаси (унинг жасади ҳам ушбу кутубхонада дафн этилган) эндиликда Сиистон ва Балучистон вилояти маданият бош бошқармаси билан ҳамкорликда бир тадқиқот маркази сифатида бошқарилади. Илм аҳли ушбу кутубхонага тез-тез ташриф буюришади. Айтиш жоизким, марҳум доктор Комбузиё ёзган асарларнинг сони 80тадан ошади ва ушбу китобларнинг айримлари халқаро сионизм қиёфасини фош этишда кўмаклашади.
Азизлар, эшиттиришимиз давомида Сиистон ва Балучистон вилоятида мавжуд халқ ҳунармандчилиги ва амалий санъати билан сизни таништирмоқчимиз. Мазкур вилоятда халқ ҳунармандчилиги ва амалий санъати хос иқтисодий мавқега эгадир ҳамда деҳқончилик ва чорвачиликдан кейин аҳолига даромад келтирувчи муҳим соҳалардан ҳисобланади. Эҳтимол шу сабабдан бўлса керак, мазкур вилоятда миллий ҳунармандчилик ва амалий санъатнинг турли хилларини кузатиш мумкин.
Ҳозирги вақтда Сиистон ва Балучистонда ривожланган халқ ҳунармандчилик санъатидан ҳисобланмиш қолин ва бошқа турдаги гиламларни тўқиш, каштачилик, зардўзлик, кигиз тўқиш, кулолчилик, бўрё тўқиш каби соҳалар кенг ривожланган. Ушбу амалий санъат ва ҳунармандчилик бобида сизга қисқача маълумот бермоқчимиз.
Балучистон минтақасида арзирли ва кенг тарқалган халқ ҳунармандчиликларидан бири каштачилик ва игна билан нақшлар солишдир. Ушбу ҳунар балуч аёлларининг нозик дидлари, меҳнатдўстликлари ва матонатларини ифода этади. Каштачилик билан шуғулланувчи балуч аёл ва қизлари ушбу ҳунарда балуч қавмининг хос хусусиятларини ифода этувчи нақшлардан фойдаланишади.Уларнинг игна билан нақш солишлари ўзгача бўлгани боис ушбу ҳунар минтақада балуч каштачилиги номи билан ҳам шуҳрат топган.
Қадрли мухлислар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган ярим соатлик тонги дастуримизда "Биз билан Эронга келинг!" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз радиомизнинг интернет сайти Parstoday .com /uz орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин.
Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг.Эшиттиришимиз давом этади.
Италиялик машҳур саёҳатчи Морко Поло ўзининг китобида Кирмон ва Мукрон ёхуд Балучистон аёлларининг каштачилик, зардўзлик, гулдўзлик ҳамда ипак матолар, пардалар ва ёстиқларда игна билан нақш солишларда катта маҳоратга эга эканликларини таъкидлаб ўтган.
Каштачилик орқали оддий бир мато турли нақшлар орқали ажойиб кўринишларга эга бўлади ва ушбу ҳунарга бошқалар эътиборини ўзига жалб этади. Мазкур матоларни сотиб олувчи кишилар ҳам кам эмас.
Бугунги кунларда мазкур минтақада ишлаб чиқарилаётган каштачилик ва игна билан нақш солишларнинг турли маҳсулотлари нафақат маҳаллий аҳоли учун, балки хорижий мамлакатларга ҳам экспорт қилинмоқда ва ушбу маҳсулотларга бўлган қизиқиш ва эҳтиёж ҳам ошиб бормоқда.
Ялтироқ тугмалар билан нақш солишлар ҳам Балучистоннинг халқ амалий санъатларидан бири ҳисобланади. Ушбу қўл билан ижро этиладиган ҳунар ҳам балуч аёллари томонидан амалга оширилади. Бу санъат тури асосан ётоқхона буюмлари ҳамда тўй маросимларида туяларни безаш учун кўпроқ фойдаланилади. Сикадўзи номини олган ушбу ҳунарда рангли ва ялтироқ мато, тугмалар, мунчоқлар ва кўзгунинг кичик бўлакларига ўхшаган маҳсулотлардан ишлатилади.
Балучистонда кулолчилик санъати ҳам кенг ривожланган ва ушбу ҳунар билан ҳам аёллар кўпроқ шуғулланишади. Албатта, тупроқ тайёрлаш, қориш ва бошқа муқаддима ишларини эркаклар тайёрлаб беришади. Кулолчиликнинг маркази мазкур минтақада Саровон тумани яқинида жойлашган Калпурагон қишлоғи ҳисобланади.
Қадрли тингловчилар, ”Биз билан Эронга келинг!" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман.Яхши дам доимо сизга ҳамдам бўлсин.