Эркаклар ва аёлларда инсульт ривожланиши хавфи омиллари маълум қилинди
Мордовия Давлат миллий тадқиқот университети олимлари эркаклар ва аёлларда инсульт ривожланиши хавфини оширувчи омилларни маълум қилишди.
Маълум бўлишича, эркакларда кўпинча атеросклероз (артерияларнинг сурункали касаллиги), тамаки чекиш, ичкиликбозлик, метаболик синдром (организм фаолиятидаги семиришга олиб келувчи комплекс бузилишлар) ва кам ҳаракатчанлик инсульт ривожланиши хавфини туғдирувчи омиллар ҳисобланади.
Аёлларда инсульт ривожланишига энг кўп қандли диабет, ҳилпироқ аритмия, семизлик ва дислипидемия (қонда липидларнинг юқори даражаси) таъсир кўрсатади.
Шу билан бирга, гипертония (юқори қон босими) ҳар икки жинс вакиллари учун бир хил хавф туғдириши қайд этилган.
Шунингдек, мутахассислар ишемик инсульт ёш аёлларга қараганда ёш эркакларда кўпроқ учрашини маълум қилишди.
Инсульт — мия қон айланишининг ўткир бузилиши бўлиб, бу касаллик ўчоқли ёки умумий неврологик белгиларнинг пайдо бўлиши билан тавсифланади. Аритмия – юрак уришининг частотаси, ритми ва изчиллигининг бузилишидир.
Тўсатдан заифлик, уйқусизлик, юз мушакларининг фалажлари (одатда тананинг бир томонида), нутқни йўқотиш, бир ёки ҳар иккала кўзнинг кўра олиш қобилияти бузилиши, бош айланиши ва ўткир бош оғриғи, мувозанат йўқолиши ва юришнинг кескин бузилиши инсультнинг асосий белгилари саналади.