Олимлар қидирув сўровлари ва бўлажак коронавирус ўчоқлари ўртасида боғлиқлик борлигини аниқлади
Google қидирув тизимида ошқозон-ичак тракти касалликлари ва иштаҳа йўқолиши ҳақида маълумотлар сўровининг ошиши келажакда коронавирус инфекцияси тарқалиши билан бевосита боғлиқ. Bloomberg’нинг ёзишича, Массачусетс умумий касалхонаси тадқиқотчилари шундай хулосага келган.
Шифокорлар АҚШнинг 15 штатида интернет фойдаланувчиларининг 20 январдан 20 апрелгача таъм билиш ва иштаҳа йўқолиши, диарея каби аломатларга қизиқишини ўрганган. Маълум бўлишича, уларнинг кўпчилигида аҳолининг қидирув сўровлари ошганидан 3-4 ҳафта ўтгач COVID-19 эпидемияси содир бўлган.
Бундай сўровлар айниқса Нью-Йорк, Нью-Жерси, Калифорния, Массачусетс ва Иллинойс алоҳиси орасида кўп бўлган — охир оқибат уларнинг барчаси АҚШда инфекцияга энг кўп чалинган штатлар қаторидан ўрин олган.
Олимларнинг фикрича, фойдаланувчиларнинг ичак муаммоларига бўлган қизиқишининг ортиши келажакдаги коронавирус инфекцияси эпидемияси ўчоғининг хабарчиси бўлиши мумкин.
Bloomberg’нинг ёзишича, шунга ўхшаш ёндашувдан 10 йиллар аввал чўчқа гриппи тарқалишини мониторинг қилишда ҳам фойдаланилган. Тадқиқот муаллифларидан бири бўлган гастроэнтеролог Кайл Сталлер Google Trends сервиси пандемияни башорат қилиш учун қимматли восита бўлиши мумкинлигини айтган.
Баҳорда Google коронавирус тарқалиши даврида одамларнинг у жойдан бу жойга боришини кузатадиган сервис яратганди. У 131 мамлакатда ишлай бошлади ва дунёнинг энг кўп ташриф буюриладиган жойларини кўрсатади.
Шундан сўнг, корпорация коронавирус билан касалланган одамлар билан контакда бўлганларни назорат қилиш технологиясини яратиш учун Apple билан бирлашди. Ушбу сервис COVID-19 тасдиқлаган фуқароларга сўнгги кунларда улар билан мулоқотда бўлганларга хабарнома юбориш имкониятини беради деб тахмин қилинган.
ЖССТ маълумотларга кўра, бутун дунёда коронавирус пандемияси бошланганидан буён касалликка чалинганлар сони 28,6 миллион кишига етган. Жонс Ҳопкинс университети маълумотларида эса ушбу кўрсаткич 28,8 миллион кишини ташкил этмоқда. Касалларнинг чорак қисми АҚШ ҳисобига тўғри келяпти — 6,5 миллион. Унинг ортидан Ҳиндистон (4,7 миллион) ва Бразилия (4,3 миллион) ўрин олган.
Ташкилот бош директори Тедрос Гебрейесус коронавирус пандемияси охирги пандемия эмаслигини маълум қилди. Унинг айтишича, дунё COVID-19 билан боғлиқ вазиятдан хулоса чиқариши ва янги пандемияларга тайёрланиши керак.