Россияда коронавирусга қарши «ЭпиВакКорона» вакцинаси фойдаланиш учун тайёр эканлиги маълум қилинди
Россиянинг «Вектор» илмий маркази томонидан яратилган «ЭпиВакКорона» вакцинаси фойдаланиш учун тайёр. Бу ҳақда «Роспотребнадзор» раҳбари Анна Попова маълум қилди, деб ёзмоқда Meduza.
Попованинг маълум қилишича, вакцина Москва, Санкт-Петербург, Тула, Новосибирск, Ростов-Донга етказиб берилган.
«Роспотребнадзор» раҳбарининг сўзларига кўра, мазкур ҳудудларнинг танланишига айни пайтда Ростов, Тула, Новосибирск вилоятларидаги эпидемиологик вазият марказий шаҳарлардан ташқарида жиддий тус олмоқда. Унинг қайд этишича, «ЭпиВакКорона» Цельсий шкаласи бўйича 2-8 даража илиқда сақланиши мумкин, бу эса уни узоқ аҳоли пунктларига етказиб беришга имкон беради.
Попованинг таъкидлашича, биринчи навбатда узоқ аҳоли пунктларида ўқитувчилар, фельдшерлар ва шифокорлар эмланиши керак.
2020 йилнинг охиригача «ЭпиВакКорона»нинг 50 мингта дозасини ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда. Шундан беш минг дозаси синовлар ўтказиш учун жўнатилади, қолгани эса истеъмолда фойдаланиш учун йўналтирилади. Вакцинани оммавий ишлаб чиқариш 2021 йилнинг бошига режалаштирилган.
Декабрь ойининг бошида Россияда COVID-19’га қарши оммавий эмлаш бошлангани маълум қилинди. Москвада 5 декабрдан эмлаш маълум тоифадаги аҳоли вакиллари учун бошланди. Вакцинация учун «Спутник V» вакцинасидан фойдаланилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Россиянинг «Вектор» илмий маркази томонидан ишлаб чиқарилган «ЭпиВакКорона» вакцинаси рўйхатдан ўтказилгандан сўнг унинг қўшма синовларини ўтказишга қизиқиш билдирганди.