Олимлар қонга инфекция тушганидан дарак берадиган 8 симптомни маълум қилишди
(last modified Sat, 06 Feb 2021 06:16:08 GMT )
феврал 06, 2021 11:16 Asia/Tashkent
  • Олимлар қонга инфекция тушганидан дарак берадиган 8 симптомни маълум қилишди

Қон зарарланиши ёки сепсис энг хавфли инфекцион касаллик ҳисобланади. Касалликнинг бошланғич даврида ташхис қўйиш қийин эканлиги ҳисобига ҳам ҳар иккинчи ҳолат ўлим билан якун топади.

Иситмалаш

Сепсис қонга бактериал инфекция тушиши билан намоён бўлади ва бунга нисбатан организм ҳарорат кўтарилиши билан реакция кўрсатади. Кўп ҳолларда бошқа симптомлар кузатилмаслиги ҳам мумкин. Тана ҳарорати узоқ вақт давомида тушмайдиган бўлса, шифокорга мурожаат қилиш керак.

Тана ҳароратининг тушиб кетиши

Қонга инфекция тушганда ҳарорат нафақат кўтарилиши, балки тушиши ҳам мумкин. Шунинг учун бу инкор этиш керак бўлмаган жиддий сигнал ҳисобланади. Шифокорлар қонга инфекция тушиши паст ҳарорат билан намоён бўладиган бўлса, даволаш қийин бўлиши ва ёмон оқибатларга олиб келиши мумкинлигини таъкидлайди.

Қалтираш

Кўп ҳолларда ҳарорат кўтарилиши билан бирга кузатиладиган қалтираш ўз навбатида қон зарарланишига ҳам хос симптом саналади. Тиббий кўрик давомида кўзга ташланмагани сабаб ҳам бемор шифокорга ўзида қалтираш кузатилганини айтишни унутмаслиги керак.

Тананинг зирқираб оғриши

Кўп ҳолларда грипп ёки шамоллаш билан адаштириладиган, қон зарарланишидаги симптомлардан бири ваража ва оғриқ ҳисобланади. Сепсисда оғриқ бутун танада ёки тананинг бир қисмида кузатилиши мумкин. Шу сабаб ҳам шифокорга мурожаат қилишни унутманг.

Қон босимининг пасайиши

Қон босимининг тушиши қон зарарланишига хос бўлган ва инфекция етарлича тарқаб, септик шок бошланишидан дарак берувчи симптом саналади. Бунда қон-томирлар эластиклиги йўқолади.

Пулс тезлашиши

Сепсисда организм инфекциядан қутилиш учун қон айланишини тезлаштиришга уринади. Юрак қисқариши сони тезлашади ва пулс дақиқасига 90 тага кўтарилади. Шу сабаб ҳам ушбу симптом кузатилганда бефарқ бўлмаслик керак.

Нафас қисиши

Дақиқасига 22 та нафас олиш тезлиги билан кузатиладиган нафас қисиши қон зарарланишига хос симптомлардан бири. Гап шундаки, сепсиснинг кенг тарқалган сабаблардан бири ўпкалар яллиғланиши ҳисобланади. Қонга кислород етишмагани сабаб организм нафас олишнинг тезлашиши ҳисобига эҳтиёжни қопламоқчи бўлади. Инфекция ўпкада бўлмаган тақдирда ҳам касаллик ҳисобига организмнинг кислородга бўлган эҳтиёжи ошиб нафас тезлашади.

Ранг оқариши

Қон зарарланганда организм мия ва юракни ҳимоя қилиши ҳисобига бошқа аъзоларда қон камаяди, шунинг ҳисобига тери ранги оқариши кузатилади.

Бўшашиш ва уйқучанлик

Аксарият ҳолларда қон зарарланишига хос ушбу симптом асосан ёши катталарда, баъзида ёш болаларда ҳам кузатилиши мумкин. Қон босими ошганда кўпинча чарчоқ кузатилади, сепсисда эса қон айланиши секинлашади. Бу ҳолсизлик ва уйқу босишига олиб келади.