Генерал майор Сафавий: Эрон минтақа хавфсизлиги тартибини ва унинг келажагини белгилайди
Инқилоб раҳбарининг ёрдамчиси ва олий маслаҳатчиси таъкидлади: АҚШ минтақа хавфсизлиги тартибида ҳеч қандай роль ўйнамайди ва Эрон минтақа хавфсизлиги тартиби ҳамда унинг келажагини белгилайди.
ParsToday хабар беришича, Инқилоб раҳбарининг ёрдамчиси ва олий маслаҳатчиси, генерал-майор пасдор «Саййид Яҳё Сафавий» энергия геосиёсати, Ҳурмуз бўғози ва уларнинг яқиндаги минтақавий урушдаги ғалабадаги роли муҳимлигига ишора қилиб, шундай деди: Эрон Ғарбий Осиё минтақасидаги энг муҳим мамлакат бўлиб, геосиёсий жиҳатдан минтақа ва дунёда жуда муҳим мавқега эга.
Генерал майор Сафавий АҚШнинг Эрондаги ақлсиз президенти томонидан содир этилган жиноятларга ишора қилиб, деди: АҚШнинг ақлсиз президенти Эрон енгилмас эканини, унинг бир неча минг йиллик цивилизацияси ва жасур халқи борлигини билиши керак.
У сўзининг давомида «Бобул-Мандаб» бўғози жаҳон географиясида катта аҳамиятга эга эканини таъкидлаб, қўшимча қилди: Яманнинг Ансоруллоҳ ҳаракати томонидан Бобул-Мандаб бўғозининг назорат қилиниши ҳам АҚШнинг минтақа бўйича янада катта мағлубияти сари ташланган навбатдаги қадам бўлади ва АҚШнинг стратегик мағлубиятлари жараёни давом этади.
Генерал майор Сафавий Ҳурмуз бўғозини оқилона бошқариш АҚШнинг денгиз блокадасини бузишда ғалабани таъминловчи муҳим восита эканини таъкидлаб, сўзида давом этди: Эрон дунёдаги энергия захиралари бўйича биринчи ўринда туради ва жаҳон нефти ҳамда газининг катта қисми Ғарбий Осиё минтақаси ва Ҳурмуз бўғози орқали ўтади. Бу жаҳон нефти ва газини назорат қилишда жуда муҳим воситадир.
У Ҳурмуз бўғозида энергия оқимини бошқариш ва минтақа мамлакатлари, жумладан Саудия Арабистони ҳамда Қатарнинг энергия ишлаб чиқаришида муаммолар юзага келганига ишора қилиб, таъкидлади: Бугун, охир-оқибат, Ҳурмуз бўғозидан бор-йўғи бештадан саккизтагача кема ўтмоқда ва Форс кўрфази соҳилидаги барча мамлакатлар ишлаб чиқариш ва экспортда муаммоларга дуч келмоқда.
Генерал майор Сафавий сўзининг давомида шундай деди: Эроннинг яқиндаги мажбурий урушида ғалаба қозонишининг асосий воситаси Ҳурмуз бўғозининг устун геосиёсий мавқеидан, энергия артериясини назорат қилиш ва шу орқали дунёда дизель ёқилғиси ҳамда бензин нархларини ошириш мақсадида фойдаланиш бўлди.
У минтақа мамлакатлари иштирокида америкаликларсиз барқарор тинчликни таъминлай олишимизга умид билдириб, АҚШнинг Ғарбий Осиёда содир этган жиноятлари ва ушбу мамлакатнинг минтақадаги хатти-ҳаракатларига ишора қилиб, деди: Америкаликлар кетади, улар минтақада қола олмайди. Улар юзлаб миллиард доллар сарфлади, аммо қилган харажатлари борасида мағлубиятга учради. Бу мамлакат минтақа хавфсизлиги тартибида ҳеч қандай роль ўйнамайди ва Эрон минтақа хавфсизлиги тартиби ҳамда унинг келажагини белгилайди.