апрел 17, 2017 14:00 Asia/Tashkent

Машҳад шаҳрида учинчи Халқлар маданияти фестивали бошланди

Бугун, 17-апрел куни муқаддас Машҳад шаҳрида жойлашган Фирдавсий университетининг марказий биноси олдида учинчи Халқлар маданияти фестивали  ўз ишини бошлади ва ушбу фестивал  19-апрелгача давом этади.  “Тинчлик ва дўстлик хабарчиси” шиори остида бошланган мазкур маданий тадбирлар “Машҳад- 2017” дастурлари доирасида ташкил этилмоқда. Зеро жорий йилда  муқаддас Машҳад шаҳри Ислом оламининг маънавий пойтахти эълон қилинди. Шу боисдан ташкил этилган кўргазма марказларида “Хуросоншунослик ва машҳадшунослик” соҳаларига ҳам катта эътибор қаратилган. Халқлар маданияти фестивалида Фирдавсий университетида дунёнинг 20 мамлакатидан келиб, таълим олаётган қарийб 1500 нафар талаба иштирок этмоқда. Улар ушбу фестивалда ўз юртларининг маданияти ва миллий удумларини ифода этувчи кўргазма марказларини ташкил этишган. Афғонистон ва Ироқдан келган талабаларнинг сонлари  бошқа хорижий  талабалардан кўпроқ бўлгани боис улар “Афғонистоншунослик ва ироқшунослик музейларини ҳам университет майдонида ташкил этишган. Хуросони Разавий вилоятининг “Жамоатулмустафо”, “Тиббиёт”, “Имом Ризо” ва “Озод Ислом”  университетлари вакиллари ҳам мазкур маданий тадбирда ўз ёрдамларини етказишди. Ушбу фестивал доирасида 18-19 апрел кунлари хорижий талабалар ўртасида “Миллий таомлар мусобақаси” ҳам ўтказилади.

Учинчи Халқлар маданияти фестивалида Туркия, Яман, Жанубий Корея,Тожикистон, Ирок, Афғонистон элчилари ва бош консуллари ҳамда БМТ, Ироқ парламенти, Басра ва Бағдод  университетлари  вакиллари ҳам иштирок этишди.

 

Ёрлиқ