декабр 15, 2018 13:43 Asia/Tashkent
  • Абу Саъид Абулхайр

Эрон маданий ҳудудларини кенгайишида ҳукмдорларнинг ҳарбий  фатҳ этишлари билан бирга  Эрон ирфони ва тасаввуфи  ҳам муҳим рол ўйнаган. 

Шайх Абу Саъид Абулхайрнинг мақбараси 

Орифларнинг  назарий сайру сулуклари ҳамда Ислом олами бўйлаб  уларнинг муҳим зиёратгоҳларни ибодат қилиш учун узоқ йиллик сафарлари, айниқса эронлик сўфиларнинг назарий ва амалий ҳаракатлари ва уларнинг маърифатлари, латиф завқ ва маданиятлари бошқа миллат вакилларига улкан ижобий таъсир етказган эди. Эронлик орифларнинг маънавий ва маданий таъсирларини халқаро миқёсда кузатиш мумкин эди.

Эронлик буюк орифлар ушбу кенг мамлакатнинг бир гўшасида дунёга келишган ва бошқа жой ё юртларда вафот этишган. Исломнинг Ҳиндистон ярим оролида кенгайгани Маҳмуд ва Темурларга ўхшаган султонларнинг қиличлари  орқали эмас, балки эронлик  мусулмон  сўфи ва шайхларнинг маънавий нуфузлари ва иссиқ нафаслари орқали аҳолини Ислом динига  юзланишларига сабаб бўлган.

Эрон –Ислом тасаввуфи, шак-шубҳасиз, энг бой бўлган  Эронинг  адабий-маданий   меросидир. Мазкур мерос  маънавиятга ташна бўлган бутун дунё учун ҳам муҳим саналади. Эронлик сўфилар исломий тасаввуфни бойитишда улкан ҳисса қўшганлар. Зеро ушбу ҳавзадан  эронлик бўлган  машҳур ирфон ва тасаввуф аҳлини  чиқарсак, унда   кўзга кўринадиган шахсиятлар  жуда кам  қолишади.

Ҳаллож, Шиблий, Жунайд каби даврон яратган шахсиятлар Ироқ жуғрофик ҳудудларидан, Боязид, Харақоний, Абу Саъид Абулхайр каби ҳайратлантирувчи шахсиятлар Буюк  Хуросон жуғрофик ҳудудларидан ва бошқа машҳур шахсиятларни  ушбу ҳавзадан чиқарсак, чинданда  унда  катта етишмовчиликни  сезамиз.

Абу Саъид Абулхайр ҳижрий-қамарий  бешинчи асрнинг авваларида Буюк Хуросонда яшаб  фаолият  қилган машҳур ориф ва муҳаддисдир.  Эронлик бу етук ориф  ҳижрий-қамарий 357, милодий ҳисоб билан 967 йилда Миҳана қишлоғида туғилган. Ҳижрий- қамарий 440, милодий ҳисоб билан  1048 йилда ўша қишлоқда  81 ёшида вафот этган. У балоғатга етган вақтида Буюк Хуросон Ғазнавийлар ҳукмронлиги остида эди ва пойтахт  Ғазна шаҳри ҳисобланарди.

Ғазнавийлар қудратли империяни  яратишган эдилар ва ушбу империянинг ҳудудлари  Эрон ғарбидан Ҳиндистон шарқигача чўзилган эди. Абу Саъид Абулхайр ҳаётининг охирги йилларида Хуросон қўчманчи турклар томонидан ишғол этилади. Уларнинг бошлиқлари  Марказий Осиёдаги салжуқ хонадонидан эдилар.

Абу Саъиднинг отаси аттор  ва ирфон аҳлидан эди ҳамда ўша вақтдаги орифлар билан яхши алоқада эди ва йиғинлар ҳам ташкил этарди. Абу Саъид ҳам болалик давридан бошлаб ушбу йиғинларда иштирок этарди.

Шу тариқа у ўша даврдан бошлаб отаси ва унинг дўстлари орқали ирфон асоси ҳамда ирфоний  сайру сулук билан танишган эди. Абу Саъид бошланғич таҳсилини Миҳана қишлоғидаги устозлардан олади.  Адабиёт, диний фанлар ва араб адабиёти билан яқиндан танишганидан сўнг Сарахсга боради ва у ерда фиқҳ, тафсир ва ҳадис ўрганишни бошлайди.

Ўша вақтда  ёш бўлган  Абу Саъид машҳур орифлар Абулҳасан Харақоний ва Абулқосим Башар Ёсин каби устозлардан илм ўрганади. Кейинчалик фиқҳ, тафсир ва ҳадис илмларини билувчи етакчи шахсиятга айланади. 

Шайх Абу Саъид Абулхайрнинг хонақоҳи

Абу Саъид Абулхайр   зотан бўлган қизиқишлар, оила тарбияси  ва устозларнинг руҳоний таълимотлари  сабабли болалик давридан бошлаб ирфон оламига  катта тамойил кўрсатган эди ва шу боисдан  у йиллар ўтиши билан сабақ ва таҳсилни четга суриб, риёзат ва  танҳо бўлишларга юз тутади. Шу йўсинда у ирфон тариқатида  ҳаракат қилишни ихтиёр этади. Ушбу даврдан бошлаб  у  танилган ориф сифатида ваъз айтиш ва  кўплаб шогирдаларни тарбия этиш фаолиятларини бошлайди.

Шайх Абу Саъид Абулхайрнинг хонақоҳи

Бир қатор  китобларда  мавжуд маълумотларга кўра, Абу Саъид Абулхайр  орифона йиғинларда нутқ сўзласа, ўзининг байт ва шеърлари  ҳамда ўзидан олдин яшаган шоирларнинг ижодларидан фойдаланар экан. Ушбу йўл билан у ўзининг сўзларига ўзгача чирой ва шаҳомат бахш этар экан. Унга 1500 байт тегишли эканини айтишган, аммо ушбу байтларнинг  айримлари ундан олдин яшаган шоирларга тегишлидир.

Абу Саъид ушбу шеърларни сўзининг ўрталарида ўқиган ва  мақсадини кенгроқ  ёритиш учун ушбу байтлардан фойдаланарди.

Унинг асарларини ўрганган барча муҳаққиқ ва адабиётшунослар  Абу Саъид Абулхайрни биринчи эронлик ориф шоир сифатида тан олишган. Зеро у биринчилардан бўлиб ўзининг ақида ва тафаккурини шеър  билан ифода этган. Шу сабабдан уни  Аттор ва Саноий каби бошқа машҳур бўлган орифлардан олдинроқ фаолият бошлаганини таъкидлашади.

“Асрор ут-тавҳид” китобида фақат унинг айтган арзирли сўзлари ва ақидалари борасида маълумот берилмаган, балки  унинг ажойиб феъл- атвори тўғрисида ҳам қизиқарли воқеалар нақл этилган. Мазкур маълумотлар орқали  китоб ўқувчиси Абу Саъид Абулхайрнинг  юксак шахсияти  билан  яқиндан таниша олади.

“Асрор ут-тавҳид” китоби ва бошқа манбаларда келтирилган маълумотларда аён  бўлишича,  Абу Саъид Абулхайр халқ билан доим бирга бўлиб, кўнгли очиқ ва  улфат  ҳамда одамлар ташвишларига бефарқ бўлмаган бир шахсият бўлган ва бошқа айрим орифларга ўхшаб, оммадан ўзини четга олмаган.

Унинг тасаввуфи ижобий, воқеликни кўрувчи ва оптимист руҳида бўлган тасаввуф бўлган. У оммавий бир ҳаётда яшарди ва халқнинг турли табақалари билан  муносабатда эди ва ҳар бири билан мулоқот қиларди.  Абу Саъид  шундай орифлар жумласидан эдики, жамоат билан бирга бўлиб, омма билан суҳбат қилсада, ҳеч вақт  Аллоҳнинг зикридан ғофил эмас эди.  Ушбу заминада “Асрор ут-тавҳид”   китобида кўплаб ҳикоятлар  келтирилган.

Шайх Абу Саъид Абулхайрнинг бошқа фазилат ва хислатларидан бири низо солиш ва риё-ёлғонлардан йироқдалиги  эди. У садоқат  билан ниқобсиз ҳаёт  кечирарди.  У такаллуф юзасидан  бўладиган тасаввуфни энг ёмон тасаввуф  ҳисоблаган. Унинг шогирдлари, яқинлари ҳамда кўча ва  бозор аҳли Шайх Абу Саъиднинг ҳақиқий шахсиятини  доимий тарзда  кўра олардилар.  Унинг феъл-атвори, амали ва сўзи бир хил эди. Агар унинг йиғиси келса, бошқалардан уялмасдан йиғлайверарди. Агар у бирон нарсадан хурсанд бўлиб кетса, кўнгилдан дод солиб, бошқалар олдида ҳам бемалол шодлик ҳолатини намоён этарди.

Эронлик машҳур ориф Абу Саъид Абулхайрнинг бошқа фарқ қилувчи сифатларидан бири унинг камтаринлиги ва манманлик ҳамда худбинликдан парҳез қилиши эди.  Ушбу сифатлар Абу Саъиднинг ахлоқий  буюк мактабида хос ўринга эга бўлган. Шайх ушбу сифатларни амалида ҳам ва сўзида ҳам исботлаган ва бошқаларга ҳам бу борада кўплаб таъкидлар қилган. Исломий тасаввуф ва ирфонда марказда турувчи асосий нарса  ўртада ўзни кўрмаслик ва  ўз –ўзига назар ташламасликдир.

Шайх Абу Саъид Абулхайр мен ва биз сўзларидан фойдаланишларни ёмон кўрарди ва ушбу сўзларни тилга келтирмасди. Ҳатто ўзи ҳақида гапирмоқчи бўлса ҳам  “эшон”, яъни  учинчи шахс бўлган “ у киши” сўзини ишлатарди.

Шайх Абу Саъид Абулхайр “Асрор ут-тавҳид” китобида шундай буюради: “ Банда ҳамда  Осмон ва Ернинг Парвардигори ўртасида парда мавжуд эмас; арш ва курси  мавжуд эмас. Сенинг ўйинг ва менлигинг пардадир. Агар ушбу пардаларни бартараф қила олсанг, Худога етасан.”

Шайх Абу Саъид Абулхайрнинг ҳаёти ҳақида форс тилида ёзилган қисқа рисола мавжуд. Ушбу рисоланинг номи “Ҳолот ва суханони Абусаъид”, яъни “ Абу Саъиднинг аҳволи ва сўзлари” дея аталади. Шайхнинг  вафотидан юз йил ўтганидан кейин  мазкур рисола Жамолиддин  Абу Руҳ бин Аби Саъид томонидан ёзилган.  Ушбу китоб орифларнинг ҳаётига  бағишланган қадимий китоблардан  биридир. Ҳижрий-қамарий 541 йилдан олдин тасаввуф шайхларининг мақомлари  ҳақида форс тилида бу каби рисола ёзилмаган эди. Ушбу рисола мутолаасидан маълум бўладики, унинг муаллифи Абу Руҳ форс ва араб тилларини яхши билган.Доктор Шафиъий  Кадканий мазкур китобнинг мусаҳҳеҳи (редактори)  ҳисобланади. Унга кўра,  агар ушбу китобнинг  бутун нусхаси мавжуд бўлганида, рисола  муаллифининг ёзувчилиги ва маҳоратини кенгроқ намоён этарди. Мазкур китоб форс тилини, ислом-Эрон  тасаввуфини  ҳамда  форс тилидаги тарихий ва услубий жиҳатларни ўрганишда муҳим  аҳамият касб этади.

Ушбу китоб тасаввуф аҳлининг таржимаи ҳоли ва ақидалари бобидаги муҳим маълумотларни ўз ичига олган муҳим рисола ҳисобланади. Мазкур  китобда  мавжуд айрим маълумотлар бошқа китобларда умуман учрамайди ва ҳатто ягона ҳужжатлар  саналади.

“Абу Саъиднинг аҳволи ва сўзлари” китоби асосида Шайх Абу Саъиднинг невараси Муҳаммад бин Мунаввар Миҳаний томонидан  “ Асрор ут- тавҳид”  китобида  бобоси  ҳақида  янада кўпроқ маълумотлар берилган. “Асрор ут-тавҳид” китоби ҳижрий-қамарий олтинчи асрнинг иккинчи ярмида (милодий ҳисоб билан 12 асрда), аниқроқ айтадиган бўлсак, ҳижрий-қамарий 574, милодий билан 1178 йилда ёзилган.

Бу йиллар  Хуросонда салжуқийларнинг шарқий ҳукуматидаги фосидликлардан юзага келган уруш ва нотинчликлар билан  тўғри келарди. Ўша йилларда эронлик машҳур ориф Шайх Абу Саъид Абулхайрнинг неваралари  Миҳанада  қатлиом қилинган эди ва  Шайх мақбарасидан бошқа ҳеч нарса улардан қолмаган эди. Ушбу оғир йилларда  бировларнинг таржимаи ҳоли ҳақида китоб  ёзиш  ҳайратлантирувчи ҳол эди  ва форс адабияётида  мисли кўринмаган бир ҳолат эди.

Классик форс адабиётида “Асрор ут-тавҳид” китоби наср билан бир орифнинг ҳаёти  ҳақида ёзилган биринчи асар ҳисобланади. Мазкур китобда  Абу Саъиднинг кароматлари, одатлари ва муридлари бобида маълумот берилади.  Милодий ўнбиринчи асрда Хуросон халқининг мазҳабий ҳаёти борасида ҳам ушбу китобда қимматли маълумотларни олиш мумкин.

Муҳаммад бин Мунаввар Шайх Абу Саъиднинг невараси ушбу авлоддан беш насл ўтганидан кейин  ўз  бобосининг ҳаёти ҳақидаги маълумотларни ёзгани  аниқликдан йироқда эмас. Исломий одатларга мувофиқ  ўша асрларда бирон шахсиятнинг ҳаёти ҳақидаги маълумотлар бир оғиздан иккинчи оғизга ўтарди ва ушбу маълумотлар ўзгармасдан бир наслга бошқа наслга етказиларди.

 

Ёрлиқ