Балучистон минтақаси
Балучистоннинг баланд тоғларини Пиршурон, Мулки сиёҳкўҳ, Миржова, Тафтон ва Базмон ясси тоғлари ташкил этади.
Балучистон минтақаси қарийб 173 000 квадрат километр масоҳат билан Эрон жануби-шарқининг интиҳосида жойлашган.Балучистон юрти шимолда Сиистон ва Афғонистон, Шарқда Покистон, жанбуда Уммон денгизи ва ғарбда эса Кирмон вилояти билан қўшнидир. Эроннинг шарқий, жанубий ва марказий тоғлари Балучистон юртигача чўзилган ҳамда унинг баландликларини ташкил этишади.
Балучистоннинг баланд тоғларини Пиршурон, Мулки сиёҳкўҳ, Миржова, Тафтон ва Базмон ясси тоғлари ташкил этади. Балучистон ноҳияларининг жуғрофик мавқелари ва денгизга бўлган масофалари уларнинг турли иқлимларга эга бўлишларига сабаб бўлган. Балучистон об-ҳавосининг хилма-хиллигига қараб, унинг тўрт минтақага ажратиш мумкин: хуш об-ҳавога эга минтақа, Тафтон тоғи этагида жойлашган водийлар. Унда мўътадил ва латиф иқлим ва зулол сувли булоқлар мавжуд; Зоҳидон, Хош ва ушбу шаҳар ўртасида жойлашган қишлоқлар мўътадил минтақалар ҳисобланиб, унда тун ва кунда бўладиган ҳарорат бир-биридан тубдан фарқ этади. Учинчи минтақа вилоят марказида жойлашган Эроншаҳрдан жанубгача бўлиб, иқлими иссиқ ва ҳатто жудда иссиқдир. Мазкур минтақада ўзига ўсимлик ва гиёҳлар ўсади; тўртинчи минтақа эса рутубатли ва иссиқ иқлимга эга бўлиб, унга Тис, Чоҳбаҳор ва Канорак бандаргоҳлари киради.
Балучистон юрти “Кавири Лут” ёнида жойлашгани боис турли шамоллар билан юзмаюз бўлади. Ушбу шамоллар йилнинг турли фаслларида эсиб туришади ва иқлимнинг иссиқлиги, совуқлиги ва рутубатлиги мезонига ўз таъсирларини етказишади.
Балучистон Эроннинг энг унумли ерларга эга минтақаларидан ҳисобланади. Бироқ сувнинг танқислиги боис у Балучистондаги ерларнинг барчасидан фойдаланилмайди. Мазкур минтақада муносиб бўлган иқлим туфайли иссиққа ва совуққа чидамли барча ўсимлик турлари мавжуд. Об-ҳавонинг хилма-хилиги ҳам турли экинларни амалга ошириш шароитини яратган.
Қишлоқ хўжаликнинг асосий маҳсулотлари Балучистонда буғдой, арпа ва шоли ташкил этишади. Минтақа боғларида манго, кокос, банан, хурмо, зайтун меваларини кўриш мумкин. Кўплаб полиз маҳсулотлари ҳам ушбу минтақада етиштирилади. Балучистон минтақаси ов қилиш учун ҳам Эроннинг муҳим жойларидан ҳисобланади. Чунки Балучистонда каклик, бедана, ғоз, ўрдак, мино, тайҳу каби кўплаб қушлар учрайди. Ёввойи ҳайвонлардан эса йўлбарс, айиқ, бўри, тулки, чиябўри ва кийикларни ҳам кўп сонда мазкур минтақада учратиш мумкин.
Балучлар пок, тўғрисўзли, ботир ва ҳаракатчан инсонлардир. Балуч халқи уларни иҳота этган табиий муҳит билан матонат билан кўникишган ва яшаш учун энг кам бўлган имкониятлардан ҳам сабр билан фойдалана олишга қодирлар. Уларнинг бардош ва чидамликлари шунчалик кучлики, ушбу хусусиятларни Эроннинг бошқа қавм ва тойифаларида кам учратиш мумкин.Балучлар туя минишда, ўқ отишда, ов қилишда. Тоғларга чиқишда, биёбонларни кезиш ва пиёда юришда мислсизлар.Уларда ортиқча сўз ва такаллуфларни кузатмайсиз ҳамда уларнинг ўйларида, сўзларида ва амалларида самимийлик яққол кўзга ташланади. Балучлар берган ваъда ва сўзларига қаттиқ туришади ва уларга вафо этишади. Балуч халқи ўзларининг диний эътиқодларига ҳам жуда содиқлар. Балучлар меҳмондўстликда ҳам ном чиқарганлар ва ушбу амалларни ўзларига хос бўлган самимийлик ва меҳрибонликда бажаришади.
Археологлар олиб борган тадқиқотлар натижасида маълум бўлишича, балуч қавми ҳам орийлар нажодидан ҳисобланишади. Тадқиқотчиларга кўра, орийлар, яъни пок ва шариф бўлган халқлар ўтмишда Марказий Осиёнинг Сирдарё ва Амударё ўртасидаги минтақаларда яшашган. Кейинчалик аҳолининг сони ошиши ва бошқа сабаблар асосида милоддан тахминан икки минг йил олдин ўзларининг юртларидан бошқа жойларга бориш ҳаракатларини бошлашади ва уларнинг ҳар бир гуруҳи турли томонларга йўл олишади ва ўша жойларда яшашни ихтиёр этишади. Орийларнинг бир гуруҳи Балх ва унинг атрофидаги минтақалрига боришади ва Эроннинг ҳозирги шарқий ва шимоли-шарқий ҳудудларида жойлашиб олишади. Кейинчалик орийларнинг ушбу гуруҳи Эроннинг ғарбига қараб тарқалишади ва турли қисмларга бўлиниб кетишади.
Ахамонийлар шоҳлари кўпинча ушбу юртларни ва у ерда яшовчи халқларни ҳукмронликлари остида олишади.Дориюшнинг катибаларида Порт, Ҳирот, Хоразм, Балх ва Синд вилоятлари тўғрисида сўз борган. Чунки ушбу минтақалар Дориюш салтанати ҳудудларининг қисми бўлган. Шак-шубҳасиз балуч халқи ушбу орийлар қавмларидан ажралиб, шимолий минтақалардан ўтиб, жанубга келишган. Балуч лаҳжасининг ашконийларнинг паҳлавий тили ҳамда сосонийларнинг аввалги давридаги паҳлавий талаффузларига яқинлиги бунга далолат беради.
Ирқшунослик соҳасининг донишмандлари амалга оширган тадқиқотлар кўрсатдики, тананинг ташқи кўриниши жиҳатидан ҳам ошкор бўлдики,балучлар орийларнинг бошқа қавмларига ўхшашади ва улар ҳам курд, лур ва тожиклар каби эронлик нажодидан бўлиб, бегоналарнинг ҳужумлари ва Ҳиндистон юртларига яқин бўлишларига қарамай ўзларининг миллий ва маданий хусусиятларини яхши тарзда сақлаб қолишган.
Айтиш лозимки, балучи лаҳжаси форс тилининг бой лаҳжаларидан ҳисобланади ва арзирли халқ оғзаки адабиётига эгадир. Мазкур минтақанинг адабиёти қабилавий ва кўчманчилик маданияти ҳамда табиат билан уйғунлашиб, содалик билан бирга кўплаб жиҳатларни касб этган. Узоқ тарихга балучнинг анъанавий ашъори қабила ва элнинг ҳаётидан сарчашма олади ҳамда ушбу қавм тарихи ва маданиятини оғзаки тарзда нақл этиш воситаси бўлган.
Балучлар, одатда, уруш, туғилиш, ўлим каби ҳар бир воқеа учун шеърлаш битишади ва шеърлар орқали асрлар давомида уларнинг тарихи оғиздан оғизга ва бир авлоддан бошқа авлодга ўтиб келган. Балучлар ашъорларини эпик достонлар ва латиф назмлар шаклида куйлашган ва уларда қабилавий урушларнинг тарихи ҳамда етук саркардалар ва ботир жангчиларнинг мадҳи ўз инъикосини топган.
Ушбу халқ достонларида қабилавий ҳаёт тарзининг қайғуси ва шодлиги маҳорат билан куйланади. Шу сабабдан эронлик балучлар ўз юртларига тегишли ушбу адабиётни ардоқлашади ҳамда турли маросимларда ушбу ашъордан доимий тарзда фойдаланишади.
Мусиқашунослар ва аксар тадқиқотчиларнинг ақидаларига кўра, Эроннинг турли минтақаларида мавжуд мусиқалар ёхуд мазкур юрт халқи миллий туйғуларининг ойнаси бўлган маҳаллий мусиқалар дунёнинг энг гўзал ва хилма-хил бўлган мусиқаларидандир. Шак-шубҳасиз, ушбу хилма-хиллик ва гўзаллик Эрон юрти маданияти, удумлари ва ундаги муҳитнинг бошқа омилларидан сарчашма олган. Эрондаги турли эл ва қабилалар уларнинг иҳота этган иқлим, шароит ва руҳияларига қараб мусиқа яратишган.
Балучистон мусиқаси машриқзаминда энг қадимий мусиқа турларидан ҳисобланади. Мазкур минтақа мусиқаси мустақил ва ўзига хос жиҳатларга эга бўлсада, бир оз Ҳиндистон, Покистон ва Афғонистон мусиқаларига ўхшашликлари бор.
Балучистон минтақасининг жуда турли кўриниш ва шароитларга эга бўлган табиати шундай бир мусиқа турининг яратилишига сабаб бўлганки, ҳаракатчанлик ва ҳаяжон руҳиясини унда кузатиш мумкин. Мазкур мусиқалар инсон ва борлиқ яратувчиси билан чуқур ва маънавий бир алоқани ифода этади. Балучистон мусиқаси борасида шуни айтиш мумкинки, у халқ ҳаётининг ажралмас қисми бўлиб, балуч халқи туғилишдан бошлаб ўлимгача мусиқа билан ҳамнафасдир.
Балучистон мусиқасининг бир қисмини шеърни ижро этиш ташкил этади. Шеърнинг ижроси ва оҳанги эпик ва ишқий ҳамда тарихий ва ижтимоий достонлар матнларига қараб амалга оширилади. Балучистонда шоир деб шеърни соз ва оҳангда ижро этувчи кишиларга айтишади. Олдинги даврларда балуч шоирлари нафақат воқеликка эга тарихий ва қаҳрамонлик бобидаги достонларнинг ровийлари, балки ушбу воқеаларга таъсир кўрсата оладиган кишилар бўлишган.