Кобулда Эрон ва Афғонистон ҳарбий делегацияларининг маслаҳатлашуви
(last modified Sun, 21 May 2023 08:23:53 GMT )
май 21, 2023 13:23 Asia/Tashkent
  • Кобулда Эрон ва Афғонистон ҳарбий делегацияларининг маслаҳатлашуви
    Кобулда Эрон ва Афғонистон ҳарбий делегацияларининг маслаҳатлашуви

Эрон Қуролли кучлари Бош штаби ўринбосари бошчилигидаги олий даражадаги ҳарбий делегация Кобулда Афғонистон Толибон ҳукумати расмийлари билан маслаҳатлашди.

Эрон телерадиокомпаниясининг ўзбек тилидаги сайтининг хабар қилишича, Эрон Қуролли кучлари Бош штаби бошлиғи ўринбосари генерал Баҳром Ҳусайний Кобулга сафари чоғида Афғонистон ҳукумати Қуролли кучлари бошлиғи ўринбосари Мали Хон Седиқ билан чегарадаги ҳамкорликни муҳокама қилди

Афғонистон ҳукумати мудофаа вазирлиги маьлум қилишича, Мазкур учрашув ушбу мамлакат Мудофаа вазирлиги қароргоҳида бўлиб ўтди ва томонлар чегара масалалари, қўшма ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва айрим муаммоларни ҳал этишга алоҳида эьтибор қаратдилар.

Бу йиғилишда Афғонистоннинг ички ишлар, чегара ва қабила ишлари вазирлиги ҳамда қишлоқ хўжалиги вазирлигининг баъзи расмийлари ҳам иштирок этдилар.

Бу сафар Эроннинг сув улуши масаласи Афғонистон ҳукумати билан жиддий муҳокама қилинган бир пайтда амалга оширилди. Аввалроқ Эрон элчиси ва Афғонистон бўйича махсус вакили Ҳасан Казимий Қумий ўтган йили Эрон Ҳирманд дарёсидан бор-йўғи 27 миллион куб метр сув олганини айтган эди.

Эрон ва Афғонистон ҳукуматлари томонидан 1972-йилда  имзоланган Хирманд шартномасига кўра, Эроннинг Хирманд дарёсидаги сув улуши йилига 820 миллион куб метр ва секундига тахминан 26 куб метрга тенг. Албатта, у турли ой ва фаслларда фарқ қилади, лекин бу шартнома ҳали амалга оширилмаган. 2021-йил 15-августда Афғонистонда муваққат Толибон ҳукумати ўрнатилиши билан бу ҳукумат Эроннинг сув улуши бўйича Хирманд шартномасига амал қилишини бир неча бор таькидлаган.