АҚШ Марказий Осиёдаги 5 та лойиҳага 15 млн доллар ажратади
АҚШ турли баҳоналар билан Марказий Осиёда ва махсусан Ўзбекистонда ўз таъсирини кучайтириш учун ҳаракат қилмоқда.
Марказий Осиёнинг 5 давлати ташқи ишлар вазирлари ва АҚШ Давлат котиби 3 августда Вашингтонда ўтган "С5+1" форматидаги йиғилишда АҚШ 15 млн доллар ажратадиган 5 та лойиҳани бошлаш ҳақида келишиб олдилар.
Кун сайтининг хабарига кўра, бу ҳақда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хизмати маълум қилди.
Хавфсизликни яхшилаш, иқтисодий ҳамкорликка кўмак бериш, иқлим ўзгаришларига барқарорликни ошириш бўйича ҳудудий лойиҳаларни ишлаб чиқиш қарори вазирларнинг ўтган йил ноябрда Самарқанддаги учрашувида қабул қилинганди.
"C5+1" формати ўзидан Марказий Осиёнинг 5 та давлати ва АҚШни ўзаро манфаатли масалаларни муҳокама қилиш учун бирлаштирадиган майдонни намоён қилади.Қуйида ушбу 5 та лойиҳа рўйхати келтирилган.
1. Глобал аксилтеррорчилик форуми минтақавий суҳбати (GCTF). GCTF минтақавий суҳбатининг вазифаси Марказий Осиёда хорижий террорчиларнинг тажовузлари ва зўравонликнинг радикаллашувига қарши туришдир. Суҳбатда Марказий Осиё ва бошқа давлатлардан сиёсатчи ва мутахассислар хорижий террорчи жангариларнинг таҳдидлари, радикаллашув, жангариларнинг кетиши ва қайтишига қарши курашиш минтақавий усуллари ва бундаги илғор тажриба бўйича фикр алмашадилар.
2. Марказий Осиё бизнесининг рақобатбардошлиги (CABC). CABC лойиҳасининг вазифаси Марказий Осиёдаги корхоналар учун экспортни ошириш ва янги бозорларга чиқишни енгиллаштиришдан иборат. Лойиҳа дастлаб кучли экспорт салоҳиятига эга бўлган боғдорчилик тармоқларига йўналтирилади. Лойиҳа иштирокчилари компаниялар билан уларнинг рақобатбардошлигини ошириш ва глобал ишлаб чиқариш-сотиш занжирларида иштирок этиши устида ишлайдилар. Улар шунингдек ҳукуматлар ва савдо устидан назорат олиб борувчи идоралар билан, маҳсулотлар экспортини енгиллаштирувчи сиёсатни яратиш устида ишлайдилар.
3. Транспорт йўлагини яратиш (TCD). TCD лойиҳасидан мақсад маҳсулотларни Марказий Осиё давлатлари чегаралари орқали ҳаракатланиши нархи ва вақтини камайтириш ҳамда бутун минтақа бўйлаб транспорт-логистика хизматлари сифатини яхшилашдан иборат. Лойиҳа иштирокчилари корхоналар, савдони назорат қилувчи идоралар ва ҳукуматлар билан муҳим йўлаклар бўйлаб савдо учун нотариф тўсиқларни аниқлаш ва камайтириш устида ишлайдилар. Бундан ташқари, иштирокчилар транспорт ва логистик фирмалар билан носамарадорликни камайтириш ва рақобатбардошликни ошириш бўйича ишлайдилар. Лойиҳа корхонларга алоқалар тармоғини кенгайтириш имконияти, рақобатбардошликни қиёсий таҳлил қилиш, йўналишларни тузиш малакалари, ҳаво орқали юк ташишлар тенденциялари, музлатгич транспорти билан ташиш, юкларни консолидация қилиш усуллари, логистика марказларини бошқариш каби мавзулар бўйича ўқитиш ва ахборотни тақдим қилади.
4. "Келажак энергияси" (Power the Future). Бу лойиҳа энергетика тармоғидаги сиёсатни ишлаб чиқувчиларга ва ўрта бўғин ходимларига Марказий Осиёда тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш кўламларини кенгайтиришга ёрдам беради. Лойиҳа тикланувчи энергия тармоғини ривожлантиришни тезлаштириш учун техник ёрдам ва энг яхши америка ва халқаро тажрибалар билан алмашишни тақдим қилади. АҚШ энергетика соҳасида стратегик режалаштириш, рақотбардош харидлар, энергия тармоғини жорий қилиш, энергиянинг тикланувчи манбаларидан фойдаланиш ҳудудлари масалалари бўйича ўқитиш олиб боради ва техник ёрдам билан таъминлайди.
5. Миллий ва минтақавий мослашувчан режалаштиришни қўллаб-қувватлаш. Бу лойиҳадан мақсад иқлим ўзгариши асоратларига мослашувчанликни режалаштириш учун Марказий Осиё давлатларининг салоҳиятини оширишдан иборат. Лойиҳа иштирокчилари иқлим ўзгаришларига мослашувчанликнинг минтақавий устуворликлари ва трансчегаравий муаммоларини аниқлаш устида ишлайдилар. Улар шунингдек иқлимшунослик бўйича юқори сифатли ахборот ва таҳлилчиларга эга бўлишни яхшилайдилар. Бундан ташқари, АҚШ манфаатдор томонларга техник ёрдам кўрсатади ва ривожланиш мақсадида ёрдам бериш бўйича ҳамкорлари билан ҳаракатларини мувофиқлаштиради.