Бугун Остонада ШҲТ саммити очилади
8—9 июнь кунлари Остонада Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтади
Бугун, 8 июнь куни Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити очилади. Асосий тадбирлар жума кунига белгиланган, бугун иштирокчилар учун бадиий дастурлар ташкиллаштирилади.
Саммитга келадиган меҳмонлар ШҲТ давлатлари раҳбарларининг 17-йиғилишига бағишланган концертда бўлишади.
Шанхай ҳамкорлик ташкилоти 1996 йилда «Шанхай бешлиги» номи остида ташкил этилган ва унга Россия, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон асос солишган. 2001 йилда ташкилотга Ўзбекистон ҳам аъзо бўлгач, унинг номи «Шанхай ҳамкорлик ташкилоти» деб ўзгартирилган. Ўзбекистон уч бор — 2004, 2010 ва 2016 йилларда ташкилот саммитига мезбонлик қилган. 2016 йилги саммитда ташкилотга Ҳиндистон ва Покистонни қабул қилиш бўйича меморандум имзоланган. Остонадаги саммит чоғида бу давлатлар тўлақонли аъзоларга айланади ва ташкилотга аъзо давлатлар сони 8 тага етади.
Айни пайтда тўрт давлат ташкилотда кузатувчи мақомига эга. Булар: Афғонистон, Беларусь, Эрон ва Мўғулистон. Кузатувчилик мақомига эришиш учун ариза берган яна уч давлат бор: Сурия, Миср ва Бангладеш.
Мулоқот бўйича ҳамкор давлатлар: Озарбойжон, Арманистон, Камбожа, Непал, Туркия, Шри-Ланка.
Тарихий саммит Покистон ва Ҳиндистоннинг айнан шу саммитда ташкилот аъзоларига айланиши муҳим воқеа бўлиши кутилмоқда. Бу воқеа ташкилотни янги даражага кўтариши, халқаро майдондаги нуфузи ортишига хизмат қилиши мумкин.
Қозоғистон ТИВ раҳбари Қайрат Абдраҳманов олдиндаги саммитни "тарихий" деб атади ва Ҳиндистон ҳамда Покистоннинг ташкилотга аъзо бўлиб кириши ШҲТнинг ҳудудий фаолияти кенгайишини таъминлашини қайд этди.
У шунингдек, йиғилиш қатнашчилари бир қатор ҳужжатларни имзолаши кутилаётгани ҳақида маълум қилди: давлат раҳбарлари Остона декларациясини имзолашади, ШҲТнинг экстремизмга қарши Конвенциясини қабул қилади. Жами 11та ҳужжат имзоланиши кутилмоқда. Шунингдек, давлат раҳбарларининг кенгайтирилган тартибда ва тор доиралардаги музокаралари ўтказилиши режалаштирилган. Сиёсатчилар ШҲТдаги вазиятни баҳолаб, келгусидаги қадамларни белгилаб олишади.
Саммит якунида ташкилотга раислик Қозоғистондан Хитойга ўтади. 2018 йилнинг июнида Пекинда ШҲТнинг навбатдаги йиғилиши ўтказилди.
Иқтисодга эътиборОстона саммити арафасида ШҲТ ишчи кенгаши бошқармаси йиғилиши ўтказилди. Бу йиғилиш иқтисодий салоҳиятни мустаҳкамлаш ва узоқ муддатли ривожланиш стратегиясини ҳаётга татбиқ этиш масалаларига бағишланди.
Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев ташкилот фаолиятининг иқтисодий компонентини мустаҳкамлаш зарурлигига эътиборини қаратди. Унинг сўзларига кўра, ШҲТнинг ҳозирги ижобий динамикаси "Янги Ипак йўли" дастури ривожлантирилиши туфайлидир. Бу дастур эса ташкилотнинг барча аъзолари томонидан маъқулланган.