Остона саммити якунланди
Саммитда Ҳиндистон ва Покистон ташкилотга аъзо сифатида қабул қилинди.
Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг Остона саммити якунланди.
ЎзА берган хабарга кўра, давлат раҳбарлари кенгаши мажлиси якунлари бўйича қабул қилинган Остона декларациясида амалий ҳамкорликни янада ривожлантиришга оид асосий ёндашувлар, кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтириш ва чуқурлаштириш учун барча саъй-ҳаракатларни йўналтиришга қаратилган муштарак интилишлар ўз ифодасини топган.
Оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда мажлис самарали бўлгани, имзоланган ҳужжатлар ШҲТ мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилиши таъкидланди.
Давлат раҳбарлари ШҲТ саммити юксак савияда ташкил этилганини таъкидлаб, Қозоғистон томонига самимий меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдирдилар.
Ташкилотнинг 2016 йилги Тошкент саммитида Ҳиндистон Республикаси ва Покистон Ислом Республикасининг ШҲТга аъзо давлат мақомини олиш йўлидаги мажбуриятлари тўғрисидаги меморандумлар имзоланган эди.
Саммитда Ҳиндистон ва Покистон ташкилотга аъзо сифатида қабул қилинди.
Ҳиндистон ва Покистоннинг ШҲТ аъзоси мақомига эга бўлиши ташкилот имкониятларини кенгайтириб, халқаро майдонда долзарб муаммоларни ҳал этиш, минтақа ва дунёда хавфсизлик ва барқарор тараққиётни таъминлашда кўп томонлама механизм сифатида ташкилот ролини янада оширишга хизмат қилади.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ўз нутқида саммит иштирокчилари эътиборини Афғонистондаги вазиятни яхшилаш зарурлигига қаратиб, у ерда содир этилаётган давомли терактлар дунёнинг барча мамлакатлари учун хавф солаётганини алоҳида таъкидлади. Ушбу таҳдидларга ҳамкорликда, жаҳон ҳамжамияти ҳаракатларини бирлаштирган ҳолда қарши курашиш зарурлигини қайд этди.
Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раислик Хитой Халқ Республикасига ўтди.