Тожикистон ҳукумати дафн маросимларида баланд овозда йиғлашни тақиқлади
Барча маросимлар, шу жумладан "3 кун", "40 кун" ва "йил" маросимлари ҳеч қандай мол сўйиш ва дастурхон тузашсиз ўтиши керак. Бошқа янги киритилган урф-одатлар - «панж», «шаби ҳафт», «шаби нўҳ», «рўзи чил», «душанбеги», «жумаги» кабиларни ўтказиш тақиқланади.
Тожикистон Диний ишлар қўмитаси Уламолар кенгаши ва Исломшунослик маркази билан биргаликда дафн маросимларини ўтказиш ва таъзия билдириш тартибини белгилади. Дафн маросимларини ўтказиш қоидалари рисола кўринишида ярим миллион нусхада босмадан чиқарилди. News.tj шу ҳақида хабар берди.
Рисола 8 бўлимга ажратилган бўлиб, биринчисида умумий қоидалар берилган. Уларга кўра, дафн ва аза маросимлари Тожикистонда расман қабул қилинган ханафий мазҳабига мувофиқ ўтказилиши лозим.
Иккинчи бўлимда дафн маросими тушунчаси ўз ичига нималарни олиши батафсил тасвирланади. Унда марҳумнинг жанозасини қачон ўқиш кераклиги (куннинг қайси қисмида вафот этганига қараб) борасида тавсиялар берилади.
Гўрковлар меҳнати тўлови ваколатли шахслар иштирокида марҳумнинг яқинлари томонидан амалга оширилади.
Учинчи бўлим марҳумнинг жасадини видолашувга тайёрлаш жараёнларини ўзи ичига олади.
Қоидаларга кўра, дафн маросими вақтида кўз ёш тўкиш мумкин, бироқ баланд овозда қичқириш, сочни юлиш, юзни тирнаш, шунингдек махсус "йиғловчи"ни чақириш тақиқланади.
Марҳумнинг уйида фарзандлари ва яқин қариндошларидан бошқа ҳеч ким қолиши керак эмас.
Марҳумнинг яқин қариндошларига уч кун аза тутишга рухсат берилади. Анъаналарга кўра, эркак киши уй ичида эгнига кўк рангли чопон, бошига дўппи кийиши ва белбоғ боғлаши мумкин. Шунингдек чопон киймаган ҳолда, кўйлакнинг устидан белбоғ боғлашга ҳам изн берилган.
Аёллар бошларига катта кўк дока рўмол, кенг кўйлак ва кўк рангли лозим кийиб, белбоғ боғлашлари мақсадга мувофиқ.
Халқ анъаналарига кўра, дафн ва аза маросимларида қора рангли кийим кийиш тақиқланади.