Қори Ҳикматуллоҳ ӯлдирилди: таҳдидлар камайдими?
Минтақавий таҳлилчиларга кўра, Афғонистоннинг Марказий Осиёга бевосита чегарадош шимолидаги энг муҳим ва энг қудратли қўмондонининг ўлдирилиши ИШИД гуруҳига берилган жиддий зарба бўлади.
Покистондан, йилларки, Жанубий Осиёдаги жангари гуруҳлар фаолиятини яқиндан кузатиб келаётган тадқиқотчи-журналист Раҳимуллоҳ Юсуфзайнинг айтишича, Қори Ҳикматуллоҳ Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзоларини ҳам ҳимоя қилиб, уларга бошпана бериб келган.
"Ўзбекистон дохил қолган Марказий Осиё давлатларидан бўлган жангариларнинг Афғонистон шимолига кириб келишларига кўмаклашган".
"Айнан Қори Ҳикматуллоҳ сабаб, ИШИД жангарилари бутун Афғонистон ва ҳатто, балки Марказий Осиёдан ҳам унинг ҳудудларига кела бошлашган".
"Қори Ҳикматуллоҳ уларнинг энг номдор қўмондонларидан бири бўлган. Ошкора фаолият юритиб келган. Унинг ўлими назарда тутилганда, назаримда, ИШИД гуруҳи Афғонистонда бу яқин йиллар ичида бу қадар кучли зарба емаган".
Ўз вақтида юқори мақомли Толибон қўмондонларидан бири бўлган ва сўнгги бир неча йилнинг ўзида ИШИДнинг Афғонистон шимолидаги илк таянч нуқтасига асос солган Қори Ҳикматуллоҳ ўтган ҳафта мамлакатнинг Туркманистонга қўшни Жузжон вилоятида ўлдирилган.
Унинг дрон ҳужумида ҳалок этилганига оид хабар дастлаб афғонистонлик мулозимлар томонидан эълон қилинган. Кейин уларнинг бу хусусдаги баёнотлари Афғонистондаги НАТО бошчилигидаги иттифоқ кучлари томонидан ҳам тасдиқланган.
"Менимча, Қори Ҳикматуллоҳ ИШИД гуруҳининг Афғонистон шимолидаги энг қудратли қўмондони эди. У, ҳаттоки, гуруҳнинг асосий таянч нуқтаси бўлган Афғонистон шарқидаги қўмондонларидан ҳам кучлироқ эди, назаримда", - дейди Раҳимуллоҳ Юсуфзай.
Қори Ҳикматуллоҳ Афғонистоннинг ИШИД энг фаоллашган ва йилларки, Жузжон вилоятининг энг беқарор икки тумани сифатида билинувчи Дарзоб ва Қўш-Тепа туманларида ораларида хорижликлари дохил "юзлаб жангариларга бошчилик қилган".
Маҳаллий масъуллар унинг қўл остида жанг қилган хорижлик жангариларнинг аксарияти ўзбекистонлик эканини айтишган. Уларни Ўзбекистон Исломий ҳаракати аъзолари"га нисбат беришган.
Аммо Афғонистон шимолидаги қўмондонларининг ўлдирилгани юзасидан ИШИД гуруҳи ҳозирча бирор бир ошкора баёнот билан чиқмаган.