Марказий Осиё давлатлари “Silk Visa” тартибини жорий этишмоқчи
(last modified Sat, 16 Mar 2019 05:34:11 GMT )
март 16, 2019 10:34 Asia/Tashkent
  • Марказий Осиё давлатлари “Silk Visa” тартибини жорий этишмоқчи

Европа Иттифоқи мамлакатларида амал қилувчи Шенген виза каби тизим Марказий Осиё минтақасида “Silk Visa” номи остида жорий этилади.

Қозоғистон маданият ва спорт вазирлиги саноат ва туризм қўмитаси раиси ўринбосари М.Тўлибаевга кўра, ушбу визани амалиётга киритиш бўйича техник тайёргарлик бошлаб юборилган. “Silk Visa” божхона фаолиятини енгиллаштиради, ортиқча навбат кутиш ва қоғозбозликнинг олдини олади. 

Форум давомида Ўзбекистон Республикаси туризмни ривожлантириш қўмитаси раҳбари А.Оққулов туристик оқимни кучайтириш бўйича қатор таклифлар билан чиқди.

“Марказий Осиё минтақасида туризмни ривожлантириш учун жамоатчилик билан алоқалар ва маркетинг тармоқлари фаолиятини жадаллаштириш керак. Минтақадаги туристик ҳудудлар тўғрисида жаҳон ҳамжамиятига тўлиқ маълумот етказиш жуда муҳим ҳисобланади. Транспорт ва туристик хизматларни кўрсатишда ягона тизимнинг йўқлиги соҳа илдамлашувига тўсиқ бўлмоқда. Шу мақсадда қўшни республикаларни ўзаро ҳамкорликка чақирамиз”, деди у.

Оққулов яқин икки йил ичида Ўзбекистоннинг туристик имкониятлари ўсганлигини қўшимча қилди. Унга кўра, 64 давлат фуқаролари учун мамлакат бўйлаб визасиз тартиб жорий этилди. Виза олишнинг электрон тизими ҳам йўлга қўйилиш арафасида. Бунда бир марталик виза 20 АҚШ доллари, икки марталик виза 35 АҚШ доллари ва кўп марталик виза 50 АҚШ долларига баҳоланади.