Абдул-Рашид Дўстумнинг уйига толиблар томонидан ўт қўйилди
(last modified Sat, 07 Aug 2021 06:24:31 GMT )
август 07, 2021 11:24 Asia/Tashkent
  • Абдул-Рашид Дўстумнинг уйига толиблар томонидан ўт қўйилди

5 августда Афғонистоннинг энг нуфузли кишиларидан бири, мамлакатнинг собиқ вице-президенти, ўзбек миллатига мансуб Абдул-Рашид Дўстум баёнот билан чиқди. Аввалроқ Дўстум Туркияда 1,5 ойлик даволанишдан кейин Афғонистонга қайтганди.

TOLOnews нашрининг хабар беришича, маршал ўз баёнотида афғон сиёсий етакчиларини ўзларининг шахсий манфаатларидан воз кечиб, мамлакатни ҳимоя қилиш учун бирлашишга чақирган.

“Дўстум мамлакатни қамраб олган ҳозирги инқироз йирик фитна эканини ва мамлакат сиёсий етакчилари душманларнинг барча фитналарини тўхтатишини айтган”, деб таъкидланган хабарда.

Бундан ташқари, маршал Афғонистондаги уруш қурбонлари хотирасини ёд этган.

“Одамлар биздан садоқатни кутишмоқда, биз ўз мажбуриятларимизни бажариб, уларни ёлғиз қолдирмаймиз. Бугун биз бу ерда одамларни ҳимоялаш учун жам бўлганмиз ва уларни алдамаймиз”, деб айтган Дўстум.

У толиблар Афғонистоннинг бир неча вилоятида ўз жангчиларини тўплаганини, бироқ афғон халқи уларга мамлакат ҳудудларини эгаллашга йўл қўймаслигини таъкидлаб ўтган.

Кейинроқ, 6 август куни TOLOnews маршалнинг Жузжон вилояти маркази Шибирғондаги уйи толиблар томонидан ёқиб юборилганини маълум қилган. Шунингдек, Шибирғон учун афғон ҳарбийлари ва толиблар ўртасида шиддатли жанглар борган.