Хитой ташқи ишлар вазирининг Кобулга кутилмаган ташрифи
Хитой ташқи ишлар вазири Покистонда бўлиб ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилоти йиғилишида иштирок этиб, Толибон ҳукумати расмийлари билан учрашганидан сўнг Кобулга (Афғонистон пойтахти) етиб келди.
Тасним агентлиги хабарига кўра, Хитой ташқи ишлар вазири Ван Йи Кобулда Толибон ҳаракатининг Афғонистондаги ташқи ишлар вазири Амир Толиб Мўттақи томонидан кутиб олинди. Бахтар ахборот агентлиги, Толибонга яқин оммавий ахборот воситалари хабарига кўра, Хитой ташқи ишлар вазири турли масалалар, жумладан, сиёсий, иқтисодий ва транзит алоқаларини кенгайтириш бўйича юқори мартабали Толибон расмийлари билан учрашиши режалаштирилган.
Чоршанба куни Исломободда Хитой ташқи ишлар вазири махсус меҳмон сифатида иштирок этган ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг икки кунлик 48-йиғилиши якунланди.
Бу Толибон ҳокимият тепасига келганидан кейин юқори мартабали хитойлик мулозимнинг Афғонистонга биринчи ташрифидир. ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари йиғилишининг очилишида Хитой ташқи ишлар вазири Пекин афғон халқининг танловини ҳурмат қилишини ва мамлакатни инклюзив ҳукуматга эришишда қўллаб-қувватлашини айтди.
Афғонистонда Толибон ҳокимият тепасига келиб, муваққат ҳукумат тузилганидан 7 ой ўтиб, ҳали ҳеч бир давлат ҳукуматни расман тан олгани йўқ. Инклюзив ҳукуматни шакллантиришдан ташқари, терроризмга қарши кураш ва инсон ҳуқуқлари, жумладан, аёлларга ҳурмат кўрсатиш давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг Толибон ҳукуматини тан олиш шартларидан ҳисобланади.