ноябр 19, 2022 11:52 Asia/Tashkent
  • Европа Иттифоқи Марказий Осиёдаги электр энергия соҳасини ривожлантиришга ҳисса қўшмоқчи
    Европа Иттифоқи Марказий Осиёдаги электр энергия соҳасини ривожлантиришга ҳисса қўшмоқчи

МО минтақаси давлатларидан энергетика бўйича миллий идоралар масъуллари ва экспертлар ҳамда ЕИ вакиллари иштирок этган давра суҳбатида Европа Иттифоқи томонидан молиялаштириладиган “Марказий Осиёда барқарор энергия боғлиқлиги” (SECCA) янги лойиҳаси ишга туширилгани маълум қилинди.

Мазкур лойиҳа умумий бюджети 6,8 миллион евро бўлган SECCA лойиҳаси ЕИ илғор амалиётига мувофиқ ҳолда Марказий Осиёда янада барқарор энергия балансини рағбатлантиришга қаратилгани таъкидланди.

Бундан ташқари лойиҳа барқарор энергетика тизимига ўтиш бўйича миллий сиёсатни кучайтириш, минтақага қайта тикланадиган энергия ва энергия самарадорлиги бўйича инвестиция жалб этиш, салоҳият ва хабардорликни оширишни назарда тутади. Минтақадаги сўнгги ўзгаришлар истиқболли барқарор энергия боғлиқлигининг ижобий белгиларидан далолат беради. Иқтисодий ўсиш ва аҳоли сони ортиши натижасида электр энергиясига талаб ҳам ортиши кутилмоқда. Ушбу талабни қондириш йирик инвестициялар, бозор ислоҳоти ва салоҳиятни ривожлантиришни тақозо этади.

– Ушбу лойиҳа Европа Яшил битими ва Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича янги стратегиясига асосланади, – деди INTPA Бош директори ўринбосари Марета Жагер хоним. – Бу минтақада энергия барқарорлигини мустаҳкамлашга ҳисса қўшиш, иқлим бўйича мақсадларга эришиш, иш ўринлари, бизнес учун қўшимча имкониятлар яратиш учун қуёш, шамол ва гидроэлектр энергияси бўйича минтақа салоҳиятини ошириш каби мақсадларни кўзлайди. Айни пайт минтақанинг муҳим барқарор энергия салоҳиятидан кўплаб институционал, молиявий, техник ва ижтимоий тўсиқлар туфайли тўлиқ фойдаланилмаяпти. SECCA лойиҳаси ушбу тўсиқларни бартараф этиш, қайта тикланадиган энергия ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва минтақада энергия самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Ёрлиқ