Ўзбекистон ва Қирғизистон республикаларининг чегара масаласидаги келишувлари
Ўзбекистон ва Қирғизистон республикаларининг чегара масаласидаги келишувлари
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан.
Ассалому алайкум, қадрли тингловчилар.
Таҳлилий эшиттиришнинг бугунги сонини мен Аҳмаджон Сулаймонов эътиборингизга ҳавола этаман.
Бугунги суҳбатимиз "Ўзбекистон ва Қирғизистон республикаларининг чегара масаласидаги келишувлари" мавзуига бағишланади.
Эшиттиришимизни охиригача бизга ҳамроҳлик қиласиз деган умиддамиз.
Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарадаги 56 позиция бўйича келишувга эришди. 8–13 ноябрь кунлари тасдиқланган режа-жадвалга биноан Фарғона шаҳрида давлатлараро чегарани делимитация ва демаркация қилиш масалалари бўйича Ўзбекистон ва Қирғизистон Ҳукумат делегациялари ишчи гуруҳларининг учрашувлари бўлиб ўтди. Бу ҳақда Форс ахборот агентлиги хабар берди. Ўзбекистоннинг Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари билан Қирғизистоннинг Боткен, Жалолобод ва Ўш вилоятлари туташган ҳудудларда давлат чегараларининг аввал мувофиқлаштирилмаган 14-участкасида қўшма дала текширувлари ва инструментал топографик расмга олиш тадбирлари ўтказилди. Еттита участка бўйича ишчи гуруҳларнинг позициялари келишиб олинди. Шундай қилиб, 13 ноябрь ҳолатига кўра томонларнинг позициялари мос келган участкаларнинг умумий сони 56 тани ташкил этмоқда. Учрашувлар якунларига кўра тегишли баённома имзоланди ва бошқа мувофиқлаштирилмаган участкалардаги дала топографик-ер тузиш ишларини ўтказишнинг режа-жадвали келишиб олинди. Учрашув ҳамжиҳатлик ва анъанавий дўстлик руҳида бўлиб ўтган. Марказий Осиё республикалари собиқ иттифоқ тарқалганига 25 йил ўтган бўлсада, лекин ҳанузгача ушбу мамлакатлар ўртасида ички ва ташқи чегаралар хусусида низо ва ихтилофлар сақланб қолмоқда.
Шулар қаторида, ўзбек-қирғиз чегарасининг чорак қисми делимитация қилинмаганлиги боис чегарада турли низолар келиб чиқмоқда. Кейинги уч йил ичида бу ерда бир неча ўнлаб низоли вазиятлар юзага келган. Қозоғистон ва Туркманистон республикалари деярли ўзларининг чегарага оид масалаларининг аксариятини қўшнилари билан ҳал қилишди. Аммо Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасида чегара бўйича ихтилофлар ушбу учала мамлакатнинг муносабатларини янада кескин ҳолатга келтирди. Ушбу давлатларнинг расмийлари ҳар доим бир бирларини ўзларининг чегара ҳудудларини кесиб ўтишда айблаб келишади. Ўзбекистон ва Қирғизистон ўзаро 375 километрли чегарага эгадир. Ушбу келишмовчиликлар ортидан Қирғизистон республикаси президенти Алмазбек Атамбаев қўшни давлат раҳбаридан Қирғизистоннинг олдинги раҳбарлари томонидан имзоланган чегарага доир ҳужжатларни ва битимларни қатадан кўриб чиқилишини талаб этди. Ўзбекистон республикасининг Бош вазири Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикасининг муваққат президенти этиб тайинланганидан сўнг, расмий Тошкентнинг Бишкек билан муносабатлари илиқлашгани сезилмоқда. Ўзбекистон томони алоқаларни қайта тиклашга ҳаракат қилаётгани, муносабатларни янгилаш учун шароитлар яратишга тайёрлиги ҳақида сигналлар бераётгани яққол кўриниб турибди.
Шавкат Мирзиёев ва Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев ўртасида телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди. Суҳбатда Ўзбекистон ва Қирғизистон раҳбарлари икки томонлама ҳамкорликни бугунги ҳолати ва истиқболлари тўғрисида атрофлича фикр алмашиб, ўзаро муносабатларнинг бир қатор асосий йўналишларида ижобий ўзгаришлар юз бераётганини алоҳида қайд этиб ўтишган. Мулоқот чоғида таъкидланганидек, Фарғона водийсининг чегарадош вилоятлари раҳбарлари ва кенг жамоатчилиги иштирокида Андижон ва Ўш шаҳарларида ўтган Ўзбекистон ҳамда Қирғизистоннинг нуфузли делегациялари учрашувлари кўп асрлик анъанавий дўстлик ва яхши қўшничилик ришталарини, халқлар ўртасидаги ўзаро ишонч ва ҳурмат муҳитини мустаҳкамлаш йўлида муҳим қадам бўлди. Икки давлат етакчилари Ўзбекистон- Қирғизистон давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш бўйича икки мамлакат ваколатли органлари биргаликда олиб бораётган ишларнинг муваффақиятли якунланишидан томонлар бирдек манфаатдор эканини таъкидладилар. Ўзбекистон Республикасининг янги раҳбарияти томонидан вилоят ҳокимликларига айрим регионлар билан ҳамкорлик тўғрисида меморандумларни ишлаб чиқиш ва имзолашга рухсат берилганинг ўзи ҳам катта қадам деб айтиш мумкин. Шу пайтгача маҳаллий регионал раҳбарлардан фақат ҳамма нарсани Тошкент ҳал қилади деган жавобни эшитиш мумкин эди.
Ўзбекистон томон Қирғизистоннинг учта йирик вилоятидан делегация аъзоларини Андижонга таклиф қилган вақтдан бошлаб ҳаммаси ўзгарган. "Натижада, 1 октябр куни мамлакат Бош вазири ўринбосари Мухамметкалим Абулгазиев бошчилигидаги Қирғизистон Республикаси расмий делегацияси Ўзбекистон Республикасининг Андижон вилоятига дўстона ташриф уюштирди. Буни тарихий воқеа сифатида қабул қилиш керак. Кейинги ўн бир йилда биринчи марта Қирғизистон раҳбарлари, маданият, санъат ва спорт арбобларидан иборат 130 кишилик делегация Ўзбекистонга сафар қилди. Тошкент ташаббуси билан ўтказилган тадбирга Ўзбекистон Бош вазири биринчи ўринбосари Адҳам Икромов мезбонлик қилди. Учрашувда томонлар икки давлат муносабатларини яхшилаш тўғрисидаги меморандумни имзолади. Шуни айтиш лозимки, муносабатларнинг янгиланиши нафақат иқтисодий кўрсаткич, балки, икки халқ ўртасидаги мустаҳкам яхши қўшничилик, баъзан ҳатто қариндошчилик ришталарига асосланган муносабатлар учун ҳам керак бўлади. Муҳтарам тингловчилар, " Таҳлилий эшиттиришга" ажратилган вақт ўз ниҳоясига етди. Дастурларимиз давом этади. Мен эса сизлар билан хайрлашаман.
Муҳтарам тингловчилар, " Таҳлилий эшиттиришга" ажратилган вақт ўз ниҳоясига етди. Дастурларимиз давом этади. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Яна радио тўлқинларида учрашгунча хайр, меҳрибон ва раҳимли аллоҳ паноҳида қолинг.