Ўзбекистон ва Россия ТИВ раҳбарлари телефон орқали мулоқот қилдилар
Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ва Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов телефон орқали суҳбатлашди.
Аниқ сайтига кўра, Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ва Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов бўлажак икки томонлама тадбирлар жадвалини муҳокама қилди ва Москва ҳамда Тошкент ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шерикликни чуқурлаштириш бўйича дипломатик саъй-ҳаракатларни яқиндан мувофиқлаштиришга содиқлигини тасдиқлади.
“15 август куни Россия Федерацияси ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ва Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ўртасида телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди, унда Россия ва Ўзбекистон ҳамкорлигининг долзарб масалалари, жумладан, минтақавий ва халқаро даражалар, шунингдек, бўлажак икки томонлама тадбирлар жадвали муҳокама қилинди”, — дейилади Россия дипломатик хизмати хабарида.
Вазирликнинг қўшимча қилишича, томонлар Россия Президенти Владимир Путиннинг 2024 йил май ойида Ўзбекистонга давлат ташрифи якунлари бўйича келишувларни амалга ошириш контекстида икки давлат ташқи сиёсат идораларининг асосий вазифаларини кўриб чиққан.
«Томонлар Москва ва Тошкент ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчиликни чуқурлаштириш, жумладан, БМТ ва турли кўп томонлама интеграция платформаларида биргаликда ишлаш мақсадида дипломатик саъй-ҳаракатларни яқиндан мувофиқлаштиришга содиқлигини тасдиқладилар», — дейилади Россия ТИВ хабарида.