Ўзбекистон президенти Дубай валиаҳди бошчилигидаги делегацияни қабул қилди
Шавкат Мирзиёев Бирлашган Араб Амирликлари Бош вазири ўринбосари, мудофаа вазири, Дубай Амирлиги валиаҳди Шайх Ҳамдан бин Муҳаммад Ол Мактум бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказди.
Ўзбекистон президенти матбуот хизматига таяниюб Спутник сайтининг хабар қилишича, учрашувда кўп қиррали шерикликни янада ривожлантириш, иқтисодий ва инвестициявий лойиҳаларни илгари суриш, мудофаа соҳасида амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари кўриб чиқилди.
БАА делегацияси таркибида учрашувда ҳукумат ишлари вазири Муҳаммад бин Абдуллоҳ аль-Гергавий, энергетика ва инфратузилма вазири Суҳайл бин Муҳаммад ал-Мазруий, иқтисодиёт вазири Абдуллоҳ бин Тук ал-Маррий, сунъий интеллект масалалари ва рақамли иқтисодиёт бўйича давлат вазири Умар бин Султон ал-Олама ҳам қатнашди.
Учрашувда инвестициялар, инновацион ривожланиш, "яшил" энергетика, инфратузилма, таълим, соғлиқни сақлаш, экология, рақамли трансформация, туризм ва бошқа муҳим йўналишларда ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг янги узоқ муддатли кун тартибини шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Стратегик тармоқларда кенг кўламли ҳамкорликни ривожлантириш бўйича "йўл харитаси"ни қабул қилишга келишиб олинди.
Шунингдек 27 сентябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи – Президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева Бирлашган Араб Амирликлари Бош вазири ўринбосари, Мудофаа вазири, Дубай Амирлиги валиаҳди Шайх Ҳамдан бин Муҳаммад бин Рашид Ол Мактум билан учрашди.
Айтиш керакки Ўзбекистон ва БАА ўртасида товар айирбошлаш 2023 йилда 21 фоизга ўсиб, 626 миллион долларни ташкил этди. Ўзбекистонда Амирликлар капитали иштирокида 320 дан ортиқ корхона фаолият кўрсатмоқда. Амалга оширилаётган ва истиқболли инвестиция лойиҳалари портфели қарийб 20 миллиард долларни ташкил этади.
Мулоқот давомида турли соҳалардаги икки томонлама ҳамкорлик масалаларининг кенг доираси, шунингдек, устувор йўналишларда қўшма дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди”, дейди Мирзиёева.