МДҲ мамлакатлари Евроосиё ҳамкорлигини кенгайтиришни қўллаб-қувватламоқда
Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) раҳбарлари жума куни Туркманистоннинг Туркманбоши шаҳридаги «Аваза» сайёҳлик марказида бўлиб ўтган саммит якунида ҳамкорлик ва дўстлик алоқаларини мустаҳкамлаш, шунингдек, Евроосиё минтақаси хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ҳамкорликни кенгайтириш зарурлигини таъкидлаб, 15 та ҳамкорлик ҳужжатини имзоладилар.
ParsToday хабар беришича, ИРНА агентлигига таяниб, МДҲ раҳбарларининг баёнотида қайд этилишича, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигини ташкил этиш тўғрисидаги битимнинг имзоланиши ва Олмаота декларациясининг қабул қилиниши ушбу мамлакатлар халқлари ўртасидаги тарихий алоқаларни сақлаб қолиш учун асос яратди. Шунингдек, суверен тенглик тамойили асосида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш, мамлакатлар ўртасидаги дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашнинг янги моделига ўтишни таъминлади.
Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг расмий веб-сайти хабар беришича, Россия, Туркманистон, Озарбайжон Республикаси, Беларусь, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Ўзбекистон президентлари, шунингдек, Арманистон бош вазири томонидан имзоланган баёнотда таъкидланишича, бугунги кунда халқаро муносабатлар ўзгариб бораётган бир шароитда МДҲга аъзо давлатлар ўртасидаги стратегик шерикликни таъминламоқда. Ҳамдўстлик тенглик ва ўзаро ҳурмат тамойилларига асосланган ҳамкорликни ривожлантириш учун ноёб мулоқот майдони сифатида фаолият юритмоқда.
МДҲ мамлакатлари Евроосиё минтақасидаги бошқа халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни кенгайтиришни қўллаб-қувватлаб, Ҳамдўстлик доирасида яратилган мустаҳкам институционал механизмлар, ҳуқуқий база ва самарали тузилмалар манфаатдор давлатларнинг хавфсизликни таъминлаш борасида муваффақиятли ҳамкорлик қилишига имкон беришини маълум қилдилар.
Баёнотда аъзо давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик йўналишлари сифатида чегаралар хавфсизлиги, халқаро терроризмга, трансмиллий жиноятчиликка, қурол ва гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний савдосига қарши курашиш, коррупция ва пул ювишнинг олдини олиш, одам савдоси ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларга жавоб қайтариш, шунингдек, кибержиноятчиликка қарши курашиш қайд этилган.
МДҲ мамлакатлари раҳбарлари баёнотнинг бошқа бир қисмида сиёсий, иқтисодий, технологик ҳамда маданий-гуманитар соҳалардаги алоқаларни янада мустаҳкамлашни ўз ичига олган ҳолда, турли йўналишлардаги кенг қамровли ҳамкорликни янада ривожлантиришга қатъий интилишларини билдирдилар.
Баёнотда томонлар МДҲ мамлакатлари ўртасида товарлар ва хизматларнинг эркин савдоси самарадорлигини ошириш, биргаликда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни учинчи мамлакатлар бозорларига олиб чиқиш ва саноат соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга тайёр эканликларини билдирдилар. Шунингдек, тажриба ва технологиялар алмашишга тайёрликларини таъкидладилар.
МДҲ мамлакатлари раҳбарлари, шунингдек, аъзо давлатларда иқтисодий барқарорликни сақлаш ва ташқи зарбалар таъсирини минимал даражага тушириш учун иқтисодий хавфсизликни кучайтириш зарурлигини таъкидладилар. Шу мақсадда манфаатдор аъзо давлатлар ўртасида молия, энергетика, саноат, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат, қайта ишлаш, транспорт ва атроф-муҳит соҳаларидаги ҳамкорлик ёндашувларини, шунингдек, сунъий интеллектни ҳам ўз ичига олган ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш борасидаги ҳамкорликни такомиллаштириш лозимлиги қайд этилди.
Баёнотнинг бошқа бандларидан бири МДҲга аъзо мамлакатларда меҳнат қилаётган Ҳамдўстлик давлатлари фуқаролари ва уларнинг оила аъзолари учун бандлик шароитларини яхшилаш, ижтимоий ва меҳнат ҳуқуқларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилди.