Европа марказида инқироз: Францияда қашшоқлик ва бошпанасизлик рекорд даражага етди
https://parstoday.ir/uz/news/world-i100798-Европа_марказида_инқироз_Францияда_қашшоқлик_ва_бошпанасизлик_рекорд_даражага_етди
Янги тадқиқот натижалари Францияда қашшоқлик рекорд даражага етганини кўрсатмоқда; бу инқироз мамлакатнинг кўплаб фуқароларини энг оддий тирикчилик эҳтиёжларини, айниқса озиқ-овқат ва уй-жойни таъминлашда жиддий қийинчиликларга дуч келтирмоқда.
(last modified 2026-10-08T06:44:28+00:00 )
октябр 08, 2026 12:38 Asia/Tashkent
  • Европа марказида инқироз: Францияда қашшоқлик ва бошпанасизлик рекорд даражага етди

Янги тадқиқот натижалари Францияда қашшоқлик рекорд даражага етганини кўрсатмоқда; бу инқироз мамлакатнинг кўплаб фуқароларини энг оддий тирикчилик эҳтиёжларини, айниқса озиқ-овқат ва уй-жойни таъминлашда жиддий қийинчиликларга дуч келтирмоқда.

Парс Тудей хабар беришича, ИРНАга таяниб, янги илмий тадқиқот натижалари Францияда ўта оғир қашшоқлик мисли кўрилмаган даражага етганини кўрсатмоқда. Беш нафар иқтисодчи томонидан ўтказилган ва Францияда озиқ-овқат билан таъминлаш бўйича энг йирик хайрия уюшмаси — «Ресто дю Кёр» (Restos du Cœur) маълумотларига асосланган ушбу тадқиқот Франция жамиятининг катта қисми учун тирикчилик инқирози ва ҳаётнинг асосий эҳтиёжларини таъминлашдаги қийинчиликларнинг янги жиҳатларини очиб бермоқда.

5 октябрь, душанба куни эълон қилинган ушбу ҳисобот дала кузатувларига таянган ҳолда тайёрланган бўлиб, назарий статистик маълумотлардан ташқари, «мутлақ қашшоқлик» омилларини аниқ таҳлил қилади. Тадқиқот маълумотларига кўра, Францияда кўплаб одамлар нафақат уй-жой билан таъминланишда, балки энг оддий озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилишда ҳам жиддий муаммоларга дуч келмоқда.

Уй-жой инқирози — қашшоқликни кучайтирувчи асосий омил

Хайрия марказида олти йилдан бери кўнгилли сифатида фаолият юритаётган Жак Багге ўта оғир қашшоқликни озиқ-овқат ва уй-жой каби асосий эҳтиёжларни таъминлай олмаслик деб таърифлайди. Унинг айтишича, марказларимизга мурожаат қилаётган кўплаб одамлар шошилинч бошпана марказларида, ижтимоий турар жойларда ёки ҳатто кўчада яшамоқда.

Ҳисоботда таъкидланишича, «бошпанасизлик ва уй-жой хавфсизлиги инқирози» 2018 йилдан буён икки баравардан кўпроқ ошган. Ушбу кўнгиллининг айтишича, Парижда ижара ҳақининг жуда юқорилиги туфайли ҳатто кўплаб талабалар ҳам хона ёки турар жой харажатларини тўлаш учун озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланиш мақсадида хайрия ташкилотларига мурожаат қилишга мажбур бўлмоқда.

Қашшоқликнинг ёпиқ айланмаси

Ҳисобот якунида ўта оғир қашшоқлик айланмасидан чиқиш тобора қийинлашгани қайд этилган. Мурожаат қилувчиларнинг кўпчилигини ҳуқуқий ёки иқтисодий шароитлар туфайли ишлаш имкониятига эга бўлмаган, бироқ фарзандларининг келажагини таъминлаш масъулиятини ўз зиммасига олган аёллар ташкил этади; бу ҳолат кейинги авлод ҳам худди шундай маҳрумликларга дуч келиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.