Франциялик ўқувчилар таълим тизимидаги вазиятга норозилик билдириб, мактабларни ёқиб юборишди
Франциялик ўқувчилар таълим тизимидаги вазиятга норозилик билдириб, намойиш ўтказди, полиция билан тўқнашди ва бир нечта мактабга ўт қўйди.
Парс Тудейнинг ИРНАга таяниб хабар беришича, Париж шаҳрида Франция полицияси намойишчиларни тарқатиш учун кўздан ёш оқизувчи газдан фойдаланди. Бу пайтда Франция пойтахтидаги бир нечта мактабнинг кириш қисмига ўт қўйилди.
Мазкур намойиш Франция бўйлаб мактаблар бюджети оширилишини талаб қилаётган кенгроқ ўқувчилар ҳаракатининг бир қисми ҳисобланади.
Франция оммавий ахборот воситалари Лилль, Нант, Ренн ва Марсель каби шаҳарларда ҳам шунга ўхшаш норозилик намойишлари саҳналарини тарқатди.
Лилль шаҳрида намойишчилар кетма-кет тўртинчи кун давом этган намойишлар чоғида чиқинди қутилари ва электр велосипедларига ўт қўйди.
Франция таълим вазири Эдуард Жефри зўравонликлар жумласига мактабга ўт қўйиш ва ходимларга бензин сепиш ҳолатлари ҳам кирганини маълум қилди. Шунингдек, у дарсларни масофавий шаклда ўтказиш ҳақида кўрсатма берди.
Франция таълим вазири ушбу намойишлар давомида 65 нафар ходим жароҳатланганини айтди. Жефри «Икс» ижтимоий тармоғида ёзганидек: «Ота-оналардан фарзандларининг ўзларини хавф остига қўйишларига йўл қўймасликларини сўрайман. Ўқувчилар ва ходимларни ҳимоя қилиш — бизнинг мутлақ устувор вазифамиздир. Шу боис, эртага 400 дан ортиқ мактаб ёпилади».
Сўл қанотдаги радикал номзод ва президентлик сайловларида иштирок этган Жан-Люк Меланшон Франция ҳукуматининг намойишларга муносабатини «қатағонкорона» деб атади.
Франция бош вазири Себастьян Лекорнюнинг идораси маълум қилишича, у ҳукумат вазирларидан яқин кунларга режалаштирилган барча расмий сафарларни бекор қилишни сўраган. Бунинг мақсади мансабдор шахслар ва полиция кучларининг намойишларни бошқариш ва уларга чора кўришга эътибор қаратишидан иборат.