Путин: Дунё Эрон халқининг матонати ва бардошидан ҳайратда қолди
https://parstoday.ir/uz/news/world-i100756-Путин_Дунё_Эрон_халқининг_матонати_ва_бардошидан_ҳайратда_қолди
Россия президенти Владимир Путин бутун дунё Эрон халқининг матонати, жасорати ва қаҳрамонлигидан ҳайратда эканини таъкидлади.
(last modified 2026-10-03T04:56:08+00:00 )
октябр 03, 2026 08:10 Asia/Tashkent
  • Путин: Дунё Эрон халқининг матонати ва бардошидан ҳайратда қолди

Россия президенти Владимир Путин бутун дунё Эрон халқининг матонати, жасорати ва қаҳрамонлигидан ҳайратда эканини таъкидлади.

«Pars Today»нинг «Тасним» ахборот агентлигига таяниб хабар беришича, Владимир Путин Халқаро «Валдай» мулоқот клубининг 23-йиллик йиғилиши ялпи мажлисида сўзлаган нутқида, бутун дунё Эрон атрофида рўй бераётган воқеаларни диққат билан кузатаётганини айтди.

Путиннинг таъкидлашича, жаҳон ҳамжамияти Эрон халқининг жасорати, қаҳрамонлиги ва матонатидан, шунингдек, давлат бошқарувининг юқори даражалари, Қуролли Кучлар ва Ислом инқилоби қўриқчилар корпусида ўз халқи ва мамлакатини ҳимоя қилишга тайёр бўлган инсонларнинг «кенг захираси» мавжудлигидан ҳайратда.

Россия президенти, шунингдек, ҳар қандай тажовузга қарши эканини ва барча муаммолар тинч йўл билан, келишув ва музокаралар орқали ҳал қилиниши кераклигини билдирди.

«Умид қиламизки, Ҳурмуз бўғози ҳам очилади ва Эрон ҳақли равишда талаб қилаётган санкциялар бекор қилинади. Эронга нисбатан адолатсиз санкциялар бекор қилиниши керак», — деди Путин.

Путиннинг фикрича, Теҳронга нисбатан чекловларни адолатли равишда бекор қилиш Ҳурмуз бўғози ва Қизил денгиз ҳудудида фуқаролик кемаларининг ҳаракатига нисбатан ҳар қандай тақиқ жорий этиш заруратини бутунлай бартараф этади.Владимир Путин БМТда, айниқса, Хавфсизлик Кенгашида қарор қабул қилишнинг айрим механизмлари эскиргандай кўринишини, аммо ушбу ташкилотни четлаб ўтиш мумкин эмаслигини таъкидлади.Россия президенти БРИКСга аъзо давлатлар дунё аҳолисининг қарийб ярмини қамраб олишини ва ушбу бирлашма янги жаҳон тартибини шакллантириш учун намуна бўлиши мумкинлигини қайд этди.

«БРИКС каби ташкилот, шубҳасиз, келажакдаги жаҳон тартибини шакллантириш учун намуна бўлиши мумкин. Бугун у амалда дунё аҳолисининг қарийб ярмини қамраб олган. БРИКСнинг жаҳон иқтисодиётидаги улуши ҳам мунтазам равишда ошиб бормоқда. Бу жараён ҳар йили давом этмоқда ва статистика ҳам буни кўрсатмоқда», — деди Путин.Унинг сўзларига кўра, БРИКСнинг шаклланиши ва фаолияти тамойиллари ҳам муҳим аҳамиятга эга.«Барча давлатлар тенг. Унда ҳеч қандай ҳукмронлик мавжуд эмас ва айнан шу жиҳат уни жозибадор қилади», — деди Россия президенти.