Ўзбекистон Республикаси ҳам космик фазони тадқиқ қилиш ҳуқуқига эга бўлди
(last modified Tue, 15 Oct 2024 10:00:28 GMT )
октябр 15, 2024 15:00 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон Республикаси ҳам космик фазони тадқиқ қилиш ҳуқуқига эга бўлди
    Ўзбекистон Республикаси ҳам космик фазони тадқиқ қилиш ҳуқуқига эга бўлди

Ўзбекистон космик фазо, ой ва бошқа самовий жисмларни тадқиқ қилиш бўйича халқаро шартномага аъзо бўлди.

"Ўзбеккосмос" агентлигига таяниб Спутник сайтининг хабар қилишича, куни кеча Ўзбекистон президенти “Космик фазо, шу жумладан Ой ва бошқа самовий жисмларни тадқиқ қилиш ва улардан фойдаланиш бўйича давлатларнинг фаолият тамойиллари тўғрисида”ги шартномага (Лондон, Москва ва Вашингтон, 1967 йил 27 январь) мамлакатнинг қўшилиши ҳақидаги қонунни имзолади.

“Ўзбеккосмос”га кўра, шартномага қўшилиш Ўзбекистон учун бир қатор халқаро космик ҳуқуқларни тақдим этади.

Ҳуқуқлар:

ҳеч қандай дискриминациясиз космик фазо ва самовий жисмларни тадқиқ қилиш ва улардан тинч мақсадларда фойдаланиш;

ортиқча тўсиқларсиз эркин тарзда илмий тадқиқотлар ўтказиш, бу борада давлатлараро тенгликка эга бўлиш;

учирилган космик объектлар ва уларнинг экипажлари устидан юрисдикция ҳамда назоратни сақлаб қолиш;

космик соҳада фаолият юритувчи давлатлар билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш орқали технологиялар трансферини жадаллаштириш.

“Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистоннинг шартномага қўшилиши бўйича қабул қилинган қонун мамлакатимизнинг космик соҳадаги ҳуқуқий тизими халқаро умумэътироф этилган принциплар ва нормаларга асосланган ҳолда ривожланаётганидан далолат беради”, — дейилади хабарда.

Ёрлиқ