Нуриддин Исмоилов Россия Федерал Мажлиси Давлат думаси раиси билан учрашди
(last modified Fri, 14 Mar 2025 11:39:23 GMT )
март 14, 2025 16:39 Asia/Tashkent
  • Нуриддин Исмоилов Россия Федерал Мажлиси Давлат думаси раиси билан учрашди
    Нуриддин Исмоилов Россия Федерал Мажлиси Давлат думаси раиси билан учрашди

Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикери Нуриддин Исмоилов Россия Федерал Мажлиси Давлат думаси раиси Вячеслав Володин билан учрашди.

Ўзбекистон Қонунчилик палатаси матбуот хизматига таяниб, Спутник сайтининг хабар қилишича,  меҳмонларга янги таҳрирдаги Конституция ва “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, Қонунчилик палатасининг таркибий тузилиши, унинг қонун ижодкорлиги йўналишидаги фаолияти, палатанинг қўмиталари, комиссияларининг асосий вазифалари ҳақида батафсил маълумот берилди.

Володин самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг сўнгги йилларда тобора кенгайиши ва мустаҳкамланиши, турли соҳалардаги серқирра ҳамкорликнинг ривожланишида кузатилаётган барқарор ижобий тенденцияни қайд этди.

Бундан ташқари, ўзаро муносабатлар жадал ривожланаётгани, Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги муносабатлар янги форматга эга бўлгани, ҳамкорликнинг барча йўналишларида ўзаро алоқалар фаоллашиб, кўп томонлама мулоқотлар мустаҳкамланиб бораётгани эътироф этилди.

Володин Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолаб, Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган минтақавий алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган конструктив ва очиқ ташқи сиёсат таҳсинга сазоворлигини билдирди.

Икки томонлама алоқаларни ривожлантиришда муҳим омил бўлган парламентлараро ҳамкорликни янада кенгайтириш ва сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш ҳар томонлама фойдали эканлиги қайд этилди. Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси билан Россия Федерал Мажлиси Давлат думасининг ҳамкорлик бўйича парламентлараро комиссияси фаолиятини такомиллаштириш зарурлиги таъкидланди.