Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеясининг биринчи ялпи мажлиси ўтказилди
(last modified Sun, 06 Apr 2025 12:47:47 GMT )
апрел 06, 2025 17:47 Asia/Tashkent
  • Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеясининг биринчи ялпи мажлиси ўтказилди
    Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеясининг биринчи ялпи мажлиси ўтказилди

Бугун Тошкентда Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеясининг “Ижтимоий тараққиёт ва адолат учун парламент ҳаракати” мавзусидаги биринчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди,

Спутник сайтининг хабар қилишича, мажлисни Парламентлараро иттифоқ Президенти Тулия Эксон очиб берди. У ўз сўзида парламентлар жаҳон миқёсидаги ижтимоий мувозанатни тиклаш, барқарорлик ва адолатни таъминлашда ҳал қилувчи сиёсий институт сифатида фаол иштирок этиши зарурлигини алоҳида таъкидлади.

Тадбирнинг кун тартибига 150-юбилей ассамблея президенти лавозимига Олий Мажлис Сенати Раиси номзоди илгари сурилди ҳамда Кенгаш аъзолари бир овоздан Танзила Нарбаевани Ассамблея президенти этиб сайлашди.

Танзила Нарбаева ўзининг кириш сўзида Ўзбекистоннинг олиб бораётган ижтимоий ислоҳотлари, ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштириш борасидаги кенг кўламли ташаббуслар ва халқаро ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатларини таъкидлаб ўтди. Шунингдек, у барча делегацияларни очиқ мулоқотга чорлаб, ялпи мажлис ишига муваффақиятлар тилади.

Ассамблея “Фаластинда икки давлат асосидаги ечимни илгари суришда парламентларнинг роли” номли Тинчлик ва халқаро хавфсизлик бўйича доимий қўмита томонидан кўриб чиқилган долзарб масала ҳамда тематик масалалар бўйича қарорлар ва Барқарор ривожланиш бўйича доимий қўмита, "Можароларнинг, шу жумладан қуролли можароларнинг барқарор ривожланишга узоқ муддатли таъсирини юмшатиш бўйича парламент стратегиялари"ни қабул қилади.

Маълумот учун, “Ижтимоий тараққиёт ва адолат учун парламент ҳаракати” мавзусида ўтказилаётган Ассамблеяда 190 та мамлакат, 15 та кузатувчи давлат ҳамда 25 дан ортиқ халқаро ва парламентлараро ташкилотлар раҳбарлари иштирок этмоқда.

Ассамблея доирасида ижтимоий тараққиётга эришишда, адолатли жамиятни барпо этишда парламентлар иштирокни кенгайтириш ва фаоллигини оширишга қаратилган 90 га яқин турли тадбирлар ва дебатлар ташкил этилади.