"Ўзбекистонда диний эркинлик ҳаддан зиёд чекланган"
БМТнинг Дин ва эътиқод эркинлиги масаласи бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳид Ўзбекистондаги вазият билан танишиб ана шундай хулосага келган.
12 октябрь куни жаноб Шаҳид Тошкентда матбуот анжумани ташкил қилган, ўз танишувларига доир дастлабки хулосаларини билдирган.
Ўзбекистонга 10 кунлик сафари пайти БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Дин ва эътиқод эркинлиги бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳид турли вазирликлар, давлат ташкилотлари раҳбарлари билан учрашди.
У турли диний ва миллий жамоалар раҳбарлари, маҳаллий инсон ҳақлари ҳимоячилари, ноҳукумат нотижорат ташкилотлари вакиллари билан учрашди.
Аҳмад Шаҳид бир неча жазони ижро этиш муассасаси, жумладан, Қорақалпоғистондаги "Жаслиқ" қамоқхонасига ҳам борди.
БМТ дин ва эътиқод махсус маърузачисининг дастлабки хулосаларига кўра, "Ўзбекистон Конституциясида дин ёки эътиқод эркинлиги кафолатланган бўлса ҳам, амалда хавфсизликни эркинликдан усутн қўйиб, дин ёки эътиқод эркинлиги ҳаддан зиёд назорат қилинмоқда. Ҳукумат танлаган ёндашув эркинликдан кўра кўпроқ тоқатлиликни тарғиб этишни кўзлайди. Дин ёки эътиқод эркинлигини тушуниш чеклангандир ва бу барча даражаларда ҳам диний ва ҳам диний эркинликлар борасида саводхонликни оширишни талаб қилади".
"Ўзбекистон гарчи дунёвий давлат эканини таъкидласа-да, мамлакатда виждон, фикр, эътиқод ва дин эркинлиги ҳаддан ортиқ тартибга солинади. Диний ташкилотлар давлат рўйхатидан ўтмасдан фаолият юритса, ноқонуний ҳисобланади. Ҳукумат ҳар қандай диний ҳаракатларга нисбатан ҳушёр туришга мойил", деб айтган Тошкентдаги матбуот анжуманида БМТ маърузачиси.
Айни пайтда Аҳмад Шаҳид Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигидаги ҳукумат бошлаган ислоҳот юқорида тилга олинган муаммоларни ҳал этишига умид билдирган.
БМТ махсус маърузачиси Ўзбекистонда диний саводхонликни ошириш йўлидаги ишлар, Президент Шавкат Мирзиёев илгари сурган "Жаҳолатга қарши маърифат" ташаббусини юқори баҳолаган.
Аҳмад Шаҳид Ўзбекистонда охирги ойларда 16 минг атрофида диний айбловлар асосида айбланган фуқаролар махсус рўйхатлардан ўчирилганини олқишлаган.
Янги ўзгаришлар очиқ, шаффоф, ҳисобдор, мазмунга эга бўлишни талаб этишини эслатган БМТ маърузачиси нафақат янги қонунлар қабул қилиниши, балки институтуционал ислоҳотлар ўтказилиши лозим, деган маслаҳатни берган.
Аҳмад Шаҳид ўзининг Ўзбекистонга сафари асосидаги ҳисоботи кейинги йил март ойида эълон қилинишини билдирган.