Сайфулло Соипов ким эди?
АҚШда юк машинани одамлар устига ҳайдаб саккиз кишини ўлдирган Сайфулло Соиповнинг оиласи билан боғланишнинг ҳозирча имкони бўлгани йўқ. Аммо тошкентлик мустақил журналист Тимур Карпов Би-би-си билан суҳбатда Соиповлар яшаган Тошкентнинг Яккасарой туманидаги ҳовлиси, Сайфулло ўқиган мактаб ва у ишлаган меҳмонҳонани топгани ва бу йўлда қандай тўсиқларга учраганини сўзлаб берди.
Карпов: Мен Сайфулло Соиповнинг оиласи яшайдиган уйни топдим, аммо унинг оиласи уйда йўқ эди. Менинг ўйлашимча, уларни ҳуқуқ-тартибот идораларига олиб кетишган. Қўшниларининг менга айтишларича, у бировга озор берадиган бола эмасди. Шунингдек, айтишларича, чоршанба куни кун бўйича уй атрофида фуқаролик кийимидаги номаълум шахслар туришган. Бугун менга маҳалла қўмитаси раиси ҳам Соиповлар оиласи шу уйда яшашини тасдиқлади ва оила ҳозирда Ички ишлар бўлимида эканини айтди. Лекин, у ҳам ниманидир аниқ билишига шубҳа қиламан. Бу уй Яккасарой туманидаги маҳаллада жойлашган. Уйлари бузилган оилаларга бир неча йил аввал шу жойдан ер ажратилган экан ва шу йўсин Соиповлар бу ерга кўчиб келишган. У жуда тоза, сокин, яхши таъминланган маҳалла экани кўриниб турибди. Соиповларнинг уйига қараб, у ерда ўзига анча тўқ оила яшашини кўрасиз. Қўшнилар ҳам ўзига тўқ оилалар, улар шокка тушганлар.
Оила нима билан шуғулланган?
Карпов: Мен бугун Сайфулло Соиповнинг отаси савдо қилгани айтилган бозорда бўлдим. Унинг растаси Абу Саҳий ёнида жойлашган қурилиш материаллари бозорида жойлашган. Соиповнинг отаси шу ерда савдо қилгани айтилган нуқтани топдим. Унинг ўзи йўқ эди. Қўшниларининг айтишича, Сайфуллонинг онаси июлда АҚШдан қайтиб келган ва ўғлининг Ўзбекистонга қайтиш нияти борлигини айтган. Оиласи унинг Тошкентга қайтишини жуда исташаётган бўлишган экан.
Сайфулло ўқиган мактабга бордингизми?
Карпов: Бугун мен бу мактабга бордим. Яккасарой туманидаги 75-сонли мактаб. Лекин, директор ва бошқалар мактаб ҳудудида мендек журналист бўлишини умуман исташмади. Дарров маҳаллақўм, участковийни чақиришди. Участковий эса ИИБдан ходимларни чақирди. Қидирув бўлимидан терговчи ҳам етиб келди. Катта оломон бўлиб кетди ва бизни икки соат сўроқ қилишди мактаб ичида. Қизиғи шуки, "йўқ, йўқ, у бу ерда ўқимаган" дея такрор-такрор айтишди. Лекин, бир аёл ўқитувчи билмасдан оғзидан чиқариб қўйди - унинг айтишича, ўқитувчилар уни хабарларда кўриб танишди, ва у ҳақиқатдан ҳам шу ерда ўқиган экан. Афтидан бу аёлни ҳеч ким огоҳлантирмаган, у билан директор хонасидан чиқиб гаплашганимда, шу гапларни айтди.
Демак, расмий тарзда буйруқ бўлган "гапирманглар" қабилида?
Карпов: Ҳа, бу Ўзбекистон учун одатий ҳол. Ҳатто Соипов ишлаган "Саёҳат" меҳмонхонасига борганимда ҳам ҳамма қўрқиб, очиқча гапиришдан бош тортишди. Лекин, мендан олдин ҳуқуқ-тартибот органларидан келиб кетганларини айтишди. Демак, огоҳлантирилганлар. Қизиғи шуки, огоҳлантирилмаса, оддий одамлар бажонидил суҳбатлашадилар. Масалан, Соиповлар 1996-2006 йиллар орасида яшаган Шайҳонтоҳур туманидаги квартирани топиб, қўшни аёл билан гаплашдим. У бемалол гапирди. Лекин, квартирани Соиповларга ижарага берган одамни топганимда, уни аллақачон қўрқитишгани аён бўлди, чунки афтидан кўриниб турганди қандай хавотирга тушгани. Қўшни аёл эса Соиповларнинг тарбияли оила экани, Сайфулло ягона ўғил экани, икки опаси борлиги ва бири турмушга чиққани, кичиги эса коллежда ўқиётганини сўзлаб берди.
Оила борасида маълумот йиға бошлаганингизда ҳам сизда муаммолар бўлибди, шундайми?
Карпов: Шундай. Норасман ушлаб туришди мени. Жуда ғалати бўлди. Ўзимга энг яқин Мирзо Улуғбек туманидаги ИИБ идорасининг адрес столига кириб Соиповларнинг адресини сўрадим. Мени дарров адрес столи раҳбари олдига чақиртиришди. У эса уч номаълум кишини чақиртирди. Бу кишилар ўта қўпол эди, ниҳоятда қўпол, ўзларини таништирмадилар ҳам. Паспортимни тортиб олиб, ўзимни машинага ўтқазишди, таҳдидлар ва ҳақоратлар билан Тошкент шаҳар ИИБсига олиб кетишди. Энди етай деб қолганимизда уларга кимдир телефон қилиб, зудлик билан қўйиб юборишни буюрди. Бу қўпол кишилар паспортимни қўлимга қайтаришди, кейин ичини очсам, қоғозчага адресни ёзиб паспортимнинг ичига тиқиб қўйишган экан.
Дарҳақиқат, ғалати - сизга адресни беришадию, лекин бошқаларга журналистларга гапирмасликни буюришади.
Карпов: Биласизми, бу жуда ғалати. Мен тушунмайман, журналист фаолиятига тўсиқ қўйишдан нима ҳожат? Мана, масалан, бугун Соипов ишлагани айтилган бозорда Wall Street Journal журналистини кўриб қолдим. Биз журналистлар барчамиз Ўзбекистон бу Афғонистон ёки Покистон эмаслиги, бу ерда муҳит ва ҳаёт умуман бошқача эканлигини жаҳонга тушунтириш мақсадида ишлаяпмиз. Милиция эса билимсизлиги ва уқувсизлиги туфайли, журналистлар фаолиятини тушунмай туриб, журналистларга тўсиқлар қўйишяпти. Бу ҳам жойига қараб фарқ қилади. Масалан, шаҳар ИИБсидаги ходимлар билимли ва муомалали, чеккароқ тумандагилар эса нўноқ. Ўзаро келишиб олинган қонун-қоидалари йўқ.