Шошилинч! Адвокати журналист Бобомурод Абдуллаев билан кўришди
(last modified Fri, 15 Dec 2017 05:54:17 GMT )
декабр 15, 2017 10:54 Asia/Tashkent
  • Шошилинч! Адвокати журналист Бобомурод Абдуллаев билан кўришди

Ўзбекистон Мустақил Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташаббус гуруҳи хабар тарқатишича, 14 декабрь куни адвокат Сергей Майоров журналистик фаолияти учун конституциявий тузумни ағдаришда айбланаётган журналист Бобомурод Абдуллаев билан учрашган.

Ташаббус гуруҳига кўра, адвокат Сергей Майоров билан журналистнинг суҳбатида Миллий Хавфсизлик хизмати терговчиси ҳам иштирок этган.

Суҳбат 30 дақиқа давом этган.

Адвокат Майоров Бобомурод Абдуллаевга унинг ҳимоясига 35 га яқин халқаро ташкилот, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш гуруҳлари ва оммавий ахборот воситалари отланганини, халқаро ташкилотлар Ўзбекистон ҳукуматидан журналистни зудлик билан озод қилишга чақираётганларини маълум қилган.

Мустақил Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташаббус гуруҳи хабар қилишича, суҳбат мобайнида Бобомурод Абдуллаев "Усмон Ҳақназар" тахаллуси остида мақолалар ёзганини тасдиқлаган, ўзини қисман айбдор деб ҳисоблашини айтган.

Ташаббус гуруҳи адвокат Сергей Майоров Миллий Хавфсизлик хизматининг тергов изоляторида ҳибсда ушлаб турилган Бобомурод Абдуллаевнинг юзи ва қўлларини текширганини ва унга нисбатан жисмоний ёки руҳий қийноқ қўлланган-қўлланмагани ҳақида сўраган.

Ташаббус гуруҳ хабарига кўра, "Бобомурод на жисмоний, на руҳий қийноқ  бўлгани ҳақида жавоб берган, у ерда қуруқ ва иссиқ экани, овқатларининг сифати яхши эканини қўшимча қилган".

Бобомурод Абдуллаев ҳибсда сақланаётган Ҳаёт Насриддинов билан юзлаштириш бўлгани ҳақида айтган.

Бундан роппа-роса 1 ой олдин адвокат Тўлқин Орифжонов ҳибсдаги журналист билан учрашган, бироқ Тўлқин Орифжонов Бобомурод Абдуллаевни ҳимоя қилишдан воз кечган эди.

44 ёшли Бобомурод Абдуллаев расман "Усмон Ҳақназар"имзоси остида "амалдаги тузумни ўзгартиришга чақирувчи" мақолалар чоп этиш ва Ўзбекистонда "инқилоб қилиш"га уринишда гумонлангани хабар қилинди.

 

Ёрлиқ