АҚШ Гулнора Каримовага нима учун санкция эълон қилди?
Гулнора Каримова коррупция ва инсон ҳуқуқларини поймол этгани учун ушбу АҚШ рўйхатига киритилган.
АҚШ Молия вазирлиги "Магнитский глобал қонуни" бўйича санкция қўлланиладиган шахслар рўйхатига Ўзбекистон собиқ президенти Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримовани ҳам киритган.
2012 йили АҚШ Конгресси россиялик инсон ҳақларини топтаётган деб кўрилган шахсларга нисбатан "Магнитский акти"ни қабул қилди, бунга россиялик ҳуқушунос Сергей Магнитскийнинг ўлими сабаб бўлган.
Россиядаги Hermitage Capital жамғармасининг юристи бўлган Сергей Магнитский давлат бюджетидан катта маблағ ўғирланаётганини фош этган.
Бунинг ортидан солиқ тўлашдан бўйин товлашда айбланиб ҳибсга олинган Магнитский 2009 йили Москвадаги тергов изоляторида ҳаётдан кўз юмган.
АҚШ Конгресси қабул қилган "Магнитский акти" бўйича Магнитский рўйхати тузилди, бу рўйхат фақат Россия билан чегараланиб қолмасдан, бутун дунё бўйлаб инсон ҳуқуқларини поймол этаётган деб кўрилган инсонларни унга киритиб эълон этишга қарор қилинди.
21 декабрь куни Магнитский глобал рўйхатига Гулнора Каримоваданташқари Гамбия Президенти Яйя Жамме, исроиллик ишбилармон Дан Гертлер, қурол-яроғ сотувчи Слободан Тесич, Мянмардаги Янгона шаҳри мэри Маунг Маунг Со, жанубий суданлик сиёсатчи ва ишбилармон Бенжамин Бол Мел, покистонлик жарроҳ-трансплантолог Мухтор Хомид Шоҳ, доминиканлик ишбилармон Ангел Рондон Рихо, хитойлик давлат хавфсизлиги амалдори Гао Янь, Россия Бош прокурорининг ўғли Артем Чайка, Россия "Беркут"ининг собиқ командири Сергей Кисюк, гватемалалик ишбилармон Хулио Антонио Рамирес ва гамбиялик амалдор Янкуба Баджелар киритилган.
Марҳум президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова қўли остидаги идораларда 2013 йил октябрида текширишлар бошланган, кейинроқ Гулнора Каримова уюшган жиноий гуруҳ таркибида таъмагирлик ва солиқ тўлашдан бўйин товлашда айбланиб унинг устидан жиноят иши қўзғатилгани эълон қилинди.
Тергов маълумотларида айтилишича, Гулнора Каримова 12 йил давомида 51,1 миллиард сўмлик активларга эгалик қилган уюшган гуруҳни назорат қилган.
У йирик жиноий гуруҳга раҳбарлик қилганликда айбланди.
Жиноий гуруҳ турли корхоналардаги давлатга тегишли акциялар ва улушларни сотиб олиш, мулкий объектларни хусусийлаштириш ва маҳсулотларни паст нархларда сотишда 344,6 млрд. сўмлик давлат мулкини ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилишда айбдор деб топилган.
2 триллион сўмдан ортиқ солиқларни тўлашдан бош тортгани айтилган тергов ҳужжатларида.
2015 йил августида Гулнора Каримова беш йилга озодликдан чеклангани ҳақидаги хабар тарқатилди.
Гулнора Каримовага нисбатан иккинчи жиноят иши алоҳида очилган ва тергов ишлари ҳамон давом этаётгани айтилади.
Тергов материалларида Каримова жиноий гуруҳга 1 триллион сўмдан ортиқ мулкни давлат органлари ваколатларини асоссиз ўзлаштирган ҳолда ва фирибгарлик йўли билан ўзлаштиришда ёрдам берган.
Унда радиочастота ресурслари ва ер участкаларини ноқонуний реализация қилишда фирибгарлик қўллаш ва хизматларга ҳақ тўлашда мобиль алоқа операторлари абонентларидан қўшимча тўловларни асоссиз ундириш кўрсатилган.
Бундан ташқари Гулнора Каримова 1 миллиард 942,8 миллион долларлик (қарийб 2 миллиард долларлик) хорижий валютани яширишда гумонланмоқда. У ушбу маблағни турли шахсларнинг манфаатларини "илгари суриш" учун уюшган жиноий гуруҳнинг оффшор компаниялари ҳисоб рақамига "бўнаклар" олиш, улушларни сотиш ва дивидендларни тўлаш ниқоби остида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни чет элга олиб чиқиб кетиш орқали яширган.
Прокуратура маълумотларига кўра, гуруҳнинг 12 та хорижий давлатда легаллаштирган маблағлари аниқлаштирилган.
Уларнинг умумий миқдори 1,5 миллиард долларга яқин легаллаштирган маблағлари аниқлаштирилганини айтган Ўзбекистон Бош прокуратураси.